Антеп каштачилик санъати ЮНEСКОнинг номоддий маданий мерос рўйхатига киритилди
2025-йил 8-13 декабрь кунлари Ҳиндистоннинг Ню-Деҳли шаҳрида ЮНEСКОнинг номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитасининг 20-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Туркия Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Газиантеп шаҳар ҳокимияти билан ҳамкорликда тайёрланган Антеп каштачилик санъати мамлакат номидан ЮНEСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилди. Ушбу қарор билан Туркиянинг ЮНEСКО номоддий маданий мероси рўйхатидаги элементлар сони 32 тага, кўп миллатли файллар сони эса 14 тага кўпайди. Шу тариқа Туркия ЮНEСКО рўйхатида дунёда иккинчи ўринни эгаллади.
Антеп каштачилик санъати асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган, чуқур илдиз отган каштачилик техникасидир. Унда оқ мато устига оқ ип билан ишланиб, ипларни тортиш ва кесиш орқали нафис нақшлар ҳосил қилинади. Катта меҳнат ва юксак маҳорат талаб этадиган бу ҳунармандчилик аёллар учун муҳим даромад манбаи бўлиш билан бирга, ижтимоий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлашга ҳам хизмат қилади. ЮНEСКО баҳолаш ҳисоботида Антеп каштачилик санъати бўйича тақдим этилган ҳужжатнинг батафсил ва мукаммал тайёрлангани алоҳида эътироф этилиб, Туркиянинг тирик маданий меросни асраб-авайлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари юксак баҳоланди.
“Туркия тирик меросни ҳимоя қилиш ва дунё билан баҳам кўришда қатъий қадамлар билан ўз йўлини давом эттирмоқда”
Туркия Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой ушбу муваффақият муносабати билан ижтимоий тармоқдаги саҳифасида шундай деди: “Антеп каштачилик санъати Ҳиндистоннинг Ню-Деҳли шаҳрида бўлиб ўтган ЮНEСКОнинг номоддий маданий мерос бўйича 20-йиғилишида Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилди. Шу билан бирга, ЮНEСКО рўйхатига кирган Туркиядаги тирик маданий мерослар сони 32 тага етди ва мамлакатимиз дунёда энг кўп маданий элементлари рўйхатга олинган иккинчи давлат сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлади”.
Меҳмет Нури Эрсой Газиантеп шаҳар ҳокимиятининг Тирик мерос ва маданий фаолиятлар бош бошқармаси ҳамда ушбу жараёнга ҳисса қўшган барча манфаатдор томонларга ўз миннатдорлигини билдирди.
“Асрлар давомида авлоддан авлодга ўтиб келаётган, оқ мато устига оқ ип билан ишланадиган Антеп каштачилиги нафис ижроси билан бир қаторда, ҳудуддаги аёлларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этишига қўшаётган ҳиссаси билан ҳам алоҳида эътиборга лойиқ бебаҳо меросдир.
Туркия тирик маданий меросни асраб-авайлаш ва уни дунё билан баҳам кўриш борасида қатъият билан ўз йўлида давом этади”, - дея қўшимча қилди вазир Меҳмет Нури Эрсой.
ЮНEСКО бўйича Туркия Миллий комиссияси раиси, профессор Ўжал Ўғуз ҳам Туркиянинг ЮНEСКО номоддий маданий мерос рўйхатида 2-ўриндалигини таъкидлаб, “Туркия номоддий маданий мерос бўйича дунёдаги энг муваффақиятли давлатлардан бири”, - деди.
Маълумот учун, ЮНEСКОнинг номоддий маданий мерос рўйхатида Хитой биринчи, Туркия иккинчи, Франция учинчи, Эрон тўртинчи ва Хорватия бешинчи ўринда қайд этилган.
