16 ёшли қизнинг номусига теккан шахсга чора кўрилиши назоратга олинди - Сенат

Олий Мажлиси Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Фарҳод Боқиев жиноятни содир этган шахсга нисбатан қарийб 14 ойдан бери қонуний чоралар кўрилмай келинганига эътибор қаратган.
“Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида Б.Э. исмли шахс 2020 йилнинг январ ойида 16 ёшли вояга етмаган (мактаб ўқувчиси) қизнинг ожизлигидан фойдаланиб номусига теккан. Ачинарлиси, бу шахс 2020 йилнинг феврал ойида вояга етмаган қизни зўрлагани ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали маълум қилишини айтиб, уни қўрқитади ва такроран куч ишлатиб номусига тегади.
Ушбу жиноятни содир этган шахсга нисбатан қарийб 14 ойдан бери Термиз шаҳар ИИО ФМБ томонидан қонуний чора кўрилмай келинмоқда. Бу эса, аввало, ота-онани, қолаверса, мазкур воқеадан хабардор бўлган одамларнинг ички ишлар органи тизимига нисбатан ишончсизлик кайфиятини кучайтириши табиий, албатта.
Энг ачинарлиси, жабрланувчи қизнинг ота-онаси адолатни қарор топтириш, жиноятни амалга оширган шахсга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб бир йилдан бери Термиз шаҳар ИИО ФМБга ва бошқа маъмурий идораларга қилган барча мурожаатлари эътиборсиз қолдирилган. Айниқса, Термиз шаҳар ИИО ФМБ томонидан мазкур воқеа бўйича сифатсиз текширишлар ўтказилгани, жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарорлар қабул қилингани ҳамда жиноятни амалга оширган шахснинг дўстлари Термиз шаҳар ИИО ФМБда фаолият юритиши, шу сабабли иш бости-бости қилиб келинаётгани ота-онанинг сўнгги чора сифатида Сенатга мурожаат қилишига сабаб бўлган.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан мазкур тергов иши ҳар томонлама тўла ва холисона олиб борилиши ҳамда якунлари бўйича қонуний қарор қабул қилиниши назоратга олинди.
Тергов якуни бўйича қўшимча ахборот берилади”, дея Фарҳод Боқиевнинг сўзларидан иқтибос келтирилган Сенат ахборот хизмати хабарида.