Эрондаги уруш AI саноатига жиддий таҳдид солмоқда
Financial Times хабарига кўра, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши бошлаган ҳарбий ҳаракатлари сунъий интеллект технологиялари таъминот занжирларига жиддий таҳдид солмоқда. Катта инвестициялар билан тез ўсиб бораётган тармоқ хом ашё танқислиги ва энергия нархларининг кескин ошишига дуч келмоқда.
Жанубий Корея ва Тайвандаги етакчи чип ишлаб чиқарувчилар Ҳурмуз бўғози орқали ташиш барқарорлигига кескин боғлиқ бўлиб қолган. Хусусан, Samsung, SK Hynix ва TSMC заводлар фаолиятини таъминлаш учун Яқин Шарқ ёқилғиси ва нодир кимёвий моддаларга муҳтож.
Шунингдек, Қатардан гелий етказиб беришдаги узилишлар ҳам хавотир уйғотмоқда — бу модда кремний пластиналарини совитиш учун муҳим аҳамиятга эга. Бундан ташқари, можаро ҳудуди орқали микросхемаларни тозалашда қўлланиладиган олтингугуртнинг денгиз орқали етказиб берилишининг қарийб ярми ўтади.
АҚШда эса дата-марказлар инфратузилмасини сақлаш харажатлари кескин ошиб бормоқда. Электр энергияси бундай объектлар харажатларининг ярмигача бўлгани сабабли, ресурслар нархининг ўсиши уларнинг самарадорлиги ва инвестицияларнинг ўзини оқлашига таҳдид солмоқда.
Инвесторлар аллақачон технология гигантлари қийматини қайта кўриб чиқмоқда. Таҳлилчилар таъкидлашича, Ҳурмуз бўғози орқали денгиз ташувлари тикланмас экан, нефть ва газга минтақавий муқобиллар йўқлиги сабаб глобал рецессиядан қочиб бўлмайди.
