Бегона авторақамда сайр қилиш 17 ёшли йигитга қимматга тушди
Навоийда отасига тегишли бўлган автомашина давлат рақам белгисини сохталаштириб, бошқа шахснинг жаримага «тушиши»га сабабчи бўлган ўсмирнинг қилмиши фош бўлди. Бу ҳақда Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Фаёз Қосимов маълум қилди.
«Мен шу яқин орада Навоий вилоятига бормаган бўлсам, менинг номимга бундай автожарималар қандай қайд этилган бўлиши мумкин?» – дея Бухоро вилояти, Ғиждувон туманида яшовчи фуқаро Навоий вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБга мурожаат қилган.
Ҳолатга кўра, бухоролик фуқарога тегишли бўлган 85 О 909 JА давлат рақам белгили, оқ рангли «Ласетти» русумли автомашинанинг ҳаракатланиши натижасида ушбу автомашина эгасига тезликни ошириш ва бошқа шу турдаги қоидабузарликлар билан боғлиқ жарималар келган. Бироқ, мурожаат юзасидан ўтказилган тезкор суриштирув ишлари давомида ушбу ҳолатни, аслида, номаълум автомашина эгаси давлат рақами белгисини ўзгартирган ҳолда ҳаракатлангани аниқланган.
Ушбу жараёнда Навоий вилоятидаги барча автмобиль йўлларда ўрнатилган видеокузатув камералари назоратдан ўтказилган.Отасига тегишли бўлган оқ рангли «Ласетти» русумли 85 О 609 JА давлат рақам белгили транспорт воситасини вояга етмаган фуқаро Р.Д. ўзбошимчалик билан давлат рақам белгисини ўзгартирган ҳолда ҳаракатланиб юргани аниқланган. Бу ҳам етмагандек, у тезлик қоидалари ва светофор ишораларига мутлақо амал қилмаган.
17 ёшли йигит мазкур давлат рақам белгисини Навоий шаҳридаги металл буюмларни йиғиб олувчи бир корхона яқинидан топиб олгганини иддао қилган.
«Отамга тегишли бўлган машина калитини яширин равишда ўзимга қўшимча нусхада ясатиб олдим. Кейин отамга ўзини калитни қайтариб бердим. Отам менинг калит ясатиб олганимдан хабарсизлиги учун у уйда йўқ пайтида машинани ўзим олиб чиқдим. Кейин ўзим топиб олган ўша рақамни отамнинг машинасига тақдим. Навоий шаҳри ичида анчагина ҳаракатландим ва кейин Мирбозоргача бордим. Ҳеч ким билмайди, деб ўйлагандим. Лекин, адашган эканман. Бошқа бу ҳолат такрорланмайди. Ҳаммаси учун узр сўрайман», - деган Р.Д.
Р.Д.нинг отаси ҳам воқеадан хабарсиз бўлганини, ўғлининг хатти-ҳаракатига эътибор қаратмаганидан афсусда эканини ва бундан кейин бундай ўзбошимчаликни қайта такрорлашига йўл қўймаслигини билдирган.
«Вояга етмаган болаларнинг ўзбошимчалиги-ю, назоратсиз қолдирилиши натижасида содир бўлаётган йўл транспорт ҳодисаларида, нафақат, жабрланувчилар тан жароҳатлари олишмоқда, балки, бу ўлим ҳолатлари билан ҳам якунланмоқда. Отасининг эркаси бўлган ўйинқароқ эркатойлар, ўзим билганимча ҳаракатланаман, менга ҳеч ким, ҳеч нарса қила олмайди, деб ўйлашади. Аммо, шаҳар бедарвоза эмас. Қонун ҳамма учун баробар», - дейди Фаёз Қосимов.
Ҳозирда Р.Д.га нисбатан Жиноят кодексининг 227-1-моддаси (Автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини ёки идентификация рақамларини қонунга хилоф равишда тайёрлаш, ўтказиш ёки улардан фойдаланиш, шунингдек уларни қалбакилаштириш) билан жиноят иши очилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
