Зеленский: "Украинага музокараларда ёрдам эмас, етарлича қурол керак"
Украина президенти Владимир Зеленский Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар натижа бермаслигини айтди: "Шунинг учун бизга музокараларда қўллаб-қувватлаш эмас, етарлича қурол керак".
Зеленский Венгрия пойтахти Будапештда Венгрия Бош вазири Виктор Орбан мезбонлик қилган Европа сиёсий ҳамжамиятининг саммити очилишида нутқ сўзлади.
АҚШнинг 47-президенти этиб сайланган Дональд Трамп билан телефон орқали мулоқот қилганини таъкидлаган Зеленский: "Бу ёқимли ва самарали суҳбат бўлди, лекин Трамп қандай аниқ қадамлар ташлашини ҳозирча билмаймиз".
Президент Россия-Украина урушидаги кескинлик янада кучайганини таъкидлади: "Бу кескинликнинг кучайишига айнан Россия сабабчи бўлди. Шимолий Корея ҳозир Европада моҳиятан уруш олиб бормоқда. Шимолий Корея аскарлари Европа тупроғида халқимизни ўлдирмоқчи", - дейди у.
Россия Украина урушини жаҳон қудрати бўлиш учун бошлаганини таъкидлаган Зеленский Россия президенти Путин билан музокаралар натижа бермаслигини айтди.
Зеленский яна шундай деди: "Шунинг учун бизга музокараларда қўллаб-қувватлаш эмас, етарлича қурол керак".
Урушни адолатли тугатиш учун мамлакати тайёрлаган Тинчлик формуласи ҳақида гапирар экан, улар Россияни адолатли тинчлик сари ундай оладиган очиқ дипломатик тизим яратганликларини таъкидлади.
Зеленский ядро ва озиқ-овқат хавфсизлиги, энергетика, ҳарбий асирлар ва депортация қилинганларни Украинага қайтариш каби масалаларни ўз ичига олган ушбу формуланинг аҳамиятини тушунтирди.
Адолатли тинчликка эришиш учун ҳар қандай конструктив ғояларга очиқ эканликларини билдирган Украина Президенти: "Бироқ бу урушни тугатиш учун кун тартибида нима бўлиши ва нима бўлмаслигини айнан Украина ҳал қилиши керак", деб таъкидлади.
"Тинчлик фақат кучлилар учун мукофотдир. Шундай экан, кучли Европага муқобил йўқ", - дейди у.
Музлатилган Россия активлари имкон қадар тезроқ Украинага юборилиши кераклигини таъкидлаган Зеленский Россияга қарши санкцияларни кучайтиришга чақирди.