Байрам кунлари электр энергиясини барқарор етказиб бериш чоралари кўрилади — “Ҳудудий электр тармоқлари”
Ўзбекистонда 30 декабрдан 3 январга қадар электр қурилмаларида режали таъмирлаш ишлари амалга оширилмаслик режими жорий этилди. Бу ҳақда “Ҳудудий электр тармоқлари” матбуот хизмати хабар берди.
Жамият бошқаруви раиси Асроржон Асқаров янги йил ва байрам кунлари — 2024 йил 30 декабрдан 2025 йил 3 январгача истеъмолчиларни барқарор электр энергияси билан таъминлашга бағишланган электр тармоқлари штаб йиғилишини ўтказди.
Йиғилишда электр таъминоти корхоналари раҳбарлари томонидан ҳудудий корхоналарда зарур чора-тадбирлар кўрилгани – ёнғин хавфсизлиги тизимлари кўрикдан ўтказилгани, авариявий жиҳозлар ва материаллар захиралари яратилганлиги ҳақида маълумот берилди. Шу билан бир қаторда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг барча таркибий электр таъминоти корхоналарида ишчи ва раҳбарларнинг кечаю кундуз навбатчилиги ташкил этилди.
Ижтимоий соҳа объектлари, маиший истеъмолчилар ҳамда аҳоли дам олиш масканларини электр энергияси билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бошқарув раиси ходимларнинг хавфсизлик техникаси талабларига қатъий риоя қилган ҳолда иш олиб борилиши зарурлигини таъкидлади ҳамда дам олиш кунлари энергетика обектларида қўшимча текширув назорати ўтказилиши ҳамда хавфсизлик чоралари кучайтирилишини айтиб ўтди.
Шунингдек, тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган носозликларни бартараф этиш мақсадида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖда 1395 та махсус авария бригадалари (6466 киши ва 1334 та техника) туну кун фаолият юритиши белгиланди. Зарур бўлганда, истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлаш учун 100 дан ортиқ умумий қуввати 90 000 кВА бўлган кўчма захира қувват манбалари (дизель электр станциялари) шай ҳолатга келтирилган.
“Ҳудудий электр тармоқлари” байрам кунлари электр энергияси таъминоти бўйича қандайдир муаммога юзага келса, электр энергияси таъминоти юзасидан 1154 қисқа рақамига, шунингдек, “Telegram”даги @het_admin администраторга мурожаат қилиш мумкинлигини билдирди.