ЙТҲ натижасида етказилган зарар ундирилди

Шошилиш оқибати нохуш ҳолатларни келтириб чиқарганига кўп гувоҳ бўлганмиз.
Кунларнинг бирида фуқаро А.В. ҳам ўзининг "Tracker"ида уйи томон отланиб, бир неча дақиқагина эртароқ боришни ният қилган чамаси, тун ярмида йўлларда транспорт воситалари кўп бўлмайди деган хаёл билан светофорнинг қизил чироғида бўлса ҳам чорраҳани кесиб ўтишга қарор қилади.
"Манзилга эрта боришни эмас, етиб боришни ният қилган маъқул аслида."
Бироқ, кутилмаганда у эътибор қилмаган томондан "Spark" русумли автотранспорт воситаси етиб келиб, чорраҳанинг ўртасида ЙТҲ содир бўлади.
Нохуш ҳодиса юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, иш суд тартибида кўриб чиқилади ва жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг қарори билан биргина "Spark" нинг эгасига етказилган зарар 15,2 млн. сўм деб топилади.
Суднинг қарздор А.В.дан ундирувчи Н.Қ. фойдасига 15,2 млн. сўм ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати Бюронинг Фарғона шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро иши қўзғатилиб, ижро ҳаракатларига киришилган.
Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида суднинг қарори ижросини таъминламасликнинг ҳуқуқий оқибатлари тушунтирилгандан сўнг қарздор А.В. томонидан 15,2 млн. сўм пул маблағлари ундирувчи Н.Қ.га нақд санаб берилади ва ижро ҳужжати амалда ижро этилади.