“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси 2024 йил матбуот анжумани бўлиб ўтди
“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан 2024 йилда қурилиш материаллари соҳасида амалга оширилган ишлар ҳақида қисқача маълумот бериб ўтилди.
Таҳлилларга кўра, 2024 йил якунида соҳа корхоналари томонидан 40 трлн сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ва ўсишни 112 фоизга етказилиши кутилмоқда. Соҳанинг мамлакат жами саноатидаги улуши 5,1 фоизни ташкил этмоқда.
Жумладан, 44 млн кв м - қурилиш ойнаси, 90 млн кв м - гипсокартон, 17,8 млн тн - цемент, 47 млн кв.м - керамик плитка, 3,36 млн ўрам гулқоғоз каби қурилиш материаллари ишлаб чиқарилди.
Соҳа бўйича юқори иқтисодий ўсиш асосан “Азия Металл Проф” МЧЖ, “RWS Оптимум” МЧЖ, “Каракалпак Цемент” МЧЖ, “Прайм Керамикс” МЧЖ, “Наманган Цемент” МЧЖ каби йирик саноат корхоналарида мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш ҳамда янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширилиши ҳисобига таъминланди. Жумладан, Самарқанд вилоятида “Чайна Энержи Интернейшнл Груп Самарканд Цемент” МЧЖ, Андижон вилоятида “Шангфинг Бредж Оф Фрайншип” МЧЖ каби корхоналарда янги қувватлар ишга туширилди.
Ўтган йилда соҳада жами 2,2 млрд долларлик инвестициялар, шундан 1,4 млрд долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилган.
Хусусан, жорий йилда Хоразм, Тошкент, Андижон, Самарқанд вилоятларида йирик инвестиция лойиҳалари йўлга қўйилди.
Соҳада жорий йил якуни билан 815 млн доллар экспорт амалга оширилади. Экспорт қилинган маҳсулотлардан 227,3 млн долларлик металл буюмлар, 68,0 млн долларлик керамика маҳсулотлар, 125 млн долларлик ПВХ профил, труба ва пластмасса маҳсулотлар, 53 млн долларлик қуруқ қурилиш қоришмалари каби маҳсулотлар улушига тўғри келди. Эътиборлиси, 2024 йилда экспорт қилинган қурилиш материаллари турлари 55 дан 65 га оширишга эришилди. Шунингдек, экспорт географияси 51 давлатдан 58 тага етказилди.
Давлатлар кесимида таҳлил қилинганда экспорт қилинган маҳсулотларнинг 26,6 % - Россия Федерацияси ҳиссасига; 24,1 % - Қозоғистон ҳиссасига, 14,6 % - Тожикистонга, 13,1 % -Қирғизистонга, 2,6 % - Туркманистонга;, 1,6 % - Литвага 0,9 % - Хитойга тўғри келган.
Шу билан бирга, Тайланд, Бельгия, Исроил, Испания, Франция, Хорватия, Ироқ, Бразилия ва бошқа шу каби давлатларнинг бозорларини ўзлаштирилиши ҳисобига маҳсулотлар экспорт географияси кенгайтирилди. Ўтган йилнинг ўзида қўшимча 10 тадан ортиқ янги маҳсулотлар экспорт қилинди. Яна бир маълумот, жорий йилда Тожикистон давлатида савдо уйи очилишига эришилди. Россия, Хитой, Қозоғистон, Афғонистон, АҚШ, Туркманистон каби давлатларда ташкил этилган халқаро кўргазмаларда маҳаллий тадбиркорлар иштироки таъминланди. Маҳсулотлар намойиш этилди.
Уюшма корхоналари томонидан 2024 йил якуни билан маҳаллийлаштириш дастури доирасида жами 2 трлн 150 млрд сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, белгиланган режани 107 фоизга бажарилиши ва 112 фоизга ўсиш кутилмоқда.
