Японияда велосипедда телефондан фойдаланганлик учун қамоқ жазоси жорий этилди
Японияда мобил телефондан фойдаланиб велосипед ҳайдаганлар, янги қоидага кўра, олти ойгача қамоқ ёки 100 минг иен (660 доллар) миқдорида жаримага тортилиши мумкин.
– Велосипед ҳайдаётган пайт қўлингиздаги смартфон билан қўнғироқ қилиш ёки экранни томоша қилиш тақиқланади, – дейилган Миллий полиция агентлиги баёнотида.
Ҳукумат маълумотига кўра, велосипедчилар йўлда телефондан фойдаланиши оқибатида содир бўлган баъзи бахтсиз ҳодисалар пиёдалар ўлимига сабабчи бўлмоқда.
Мамлакатда йўл-транспорт ҳодисаларининг умумий сони камайиб бораётган бўлса-да, велосипедлар билан боғлиқ салбий улуш ортмоқда.
Маҳаллий ОАВ ёзишича, 2023 йил кун чиқар юртда 72 мингдан ортиқ велосипед иштирокидаги ҳалокат қайд этилган. Бу мамлакатдаги барча йўл-транспорт ҳодисаларининг 20 фоизидан ҳам кўп.
Кўплаб мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Японияда асосий йўлда велосипед ҳайдашга рухсат берилган. Ўтган йил расмийлар велосипедчилар учун махсус бош кийими кийишни мажбурий қилиб қўйган.
Янги қоидага кўра, маст ҳолатда велосипед бошқарган “соҳиб” уч йилгача қамоққа тиқилиши ёки 500 минг иенагача жаримага тортилиши мумкин.
Велосипедчиларга спиртли ичимлик таклиф қилганлар икки йилгача қамоқ ёки 300 минг иена миқдорида товон тўлашга мажбур.
Янги қонун кучга киргандан бир неча соат ўтгач, Осака маъмурлари аллақачон бешта қоидабузарлик, жумладан маст ҳолатда велосипед ҳайдаб ушланган икки эркак қайд этилганини тасдиқлади.