Хитойда Евроосиё иқтисодий форуми бўлиб ўтяпти

A A A
Хитойда Евроосиё иқтисодий форуми бўлиб ўтяпти

Хитойнинг Сиань провинцияси маъмурий марказида анъанавий Евроосиё иқтисодий форуми бўлиб ўтмоқда.

Хитойда 2005 йилда асос солинган Евроосиё иқтисодий форуми Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг ўзига хос механизми ҳисобланади. Форум 2007 йилдан буён ҳар икки йилда бир ўтказиб келинмоқда. Бугунги кунда ташкилот сафи Европа ва бошқа қитъалардаги мамлакатлар ҳисобига кенгайиб бормоқда. Форумдан кўзланган мақсад – миллий ва халқаро миқёсдаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, ривожланишнинг ягона ва умумий тамойилларини яратишдаги интилишларни бирлаштиришдан иборат.

Еттинчи бор ўтказилаётган форумда ШҲТга аъзо, кузатувчи ва мулоқот бўйича шерик мамлакатлардан ташқари 50 дан зиёд давлат, халқаро ташкилот ва молия институтлари вакиллари иштирок этмоқда.

Форум очилишида ХХР Давлат кенгаши Бош вазир ўринбосари Ху Чжуньхуа, ШҲТ Бош котиби Владимир Норов ва бошқалар сўзга чиқди.

Таъкидланганидек, форум доирасидаги мулоқот ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликнинг янги механизмини яратиш, савдо, транспорт, энергетика, туризм каби йўналишларда истиқболли лойиҳаларни самарали рўёбга чиқариш имконини бермоқда. “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасидаги иқлим ўзгаришига қарши курашиш, “яшил иқтисодиёт” тармоқларини кенг жорий этиш, давлат ва жамият бошқарувини рақамлаштириш механизмларини ишлаб чиқишда муҳим ўрин тутмоқда. 

Тадбир иккита сессия мажлисларида давом этди. Унда сайёҳлик соҳасида ҳамкорлик, халқаро иқтисодий ва савдо алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинмоқда.

Форумда Ўзбекистондан Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси, шунингдек, Бухоро, Самарқанд вилоятлари, Хива  шаҳри ҳокимликлари, “Ashina Group” компанияси вакиллари қатнашмоқда. Форум сессия мажлисларида туризм бўйича мулоқотлар ташкил этилди, тоғ-кон саноатида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!