Эрон FIFA’дан 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатини АҚШда ўтказиш ҳақидаги қарорни қайта кўриб чиқишни сўради
Бу ҳақда Эрон спорт вазири Аҳмад Донямали CNN телеканалига берган интрервьюсида маълум қилди.
"АҚШнинг Эронга агрессияси давом этаётган ҳозирги вазиятда турнирни ушбу давлатда ўтказиш тўғри эмас. Эрон ҳали ҳам уруш ҳолатида бўлиб, бу кўплаб соҳаларга, жумладан авиақатновларга ҳам таъсир кўрсатмоқда", — деди вазир.
Донямали Эрон томони ўйинларни Мексикада ўтказиш имкониятини ҳам таклиф қилди. Вазир, шунингдек, эронлик футболчиларнинг Жаҳон чемпионатида иштирок этиши учун зарур шароит яратилишига умид билдирди.
"Агар ўйинлар Мексикада ўтказилса, балки қандайдир чоралар кўра олармиз. Жаҳон чемпионатига икки-уч ой вақт қолди, биз эса ҳали ҳам уруш ҳолатидамиз. Бошқа томондан, уларнинг ўзлари ҳам фарзандларингиз (спортчилар) хавфсизликда эмас, деб таҳдид қилишди”, дейди вазир.
Маълумот учун, 2026 йилги Жаҳон чемпионати илк бор 48 та терма жамоа иштирокида ўтказилади. Мусобақа 11 июндан 19 июлгача давом этади. Туринир АҚШ, Канада ҳамда Мексикада бўлиб ўтади.
Эрон “Г” гуруҳидан жой олган бўлиб, унда Бельгия, Миср ва Янги Зеландия билан бирга ўйнайди. Гуруҳ ўйинларининг барчаси АҚШда ўтказилиши режалаштирилган.
