Хитой таълим соҳасида ҳам Ўзбекистоннинг энг яқин шерикларидан бири
Ҳозирги ёшларнинг дунёқараши, фикрлаши, ҳаётга, таълим олишга қизиқиши ўзгача. Улар замонавий билим эгаллаш, малакали мутахассис бўлиб етишиш мақсадида юртимиз олий ўқув юртлари қатори дунёнинг етакчи давлатларининг нуфузли таълим даргоҳларида ўқишни истамоқда. Ёшларнинг интилиши, қизиқишини рўёбга чиқариш учун таълим соҳаси жуда ривожланган давлатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳукуматимизнинг доимий эътиборидаги масала. Жумладан, Хитой Халқ Республикаси айни йўналишдаги энг яқин, манфаатли шерикларимиздан бири.
Дипломатик алоқа ўрнатилгандан буён ўтган 31 йил мобайнида Хитой – Ўзбекистон муносабати изчил ривожланди. Кейинги йилларда икки давлат раҳбарлари олиб бораётган оқилона сиёсат туфайли ҳар томонлама стратегик шериклик жараёни юксак босқичга кўтарилди. “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси эса азалий дўстлик риштасини тобора мустаҳкам боғлаб, авлоддан-авлодга етиб боришини таъминлашга замин яратмоқда.
Мамлакатимизда ХХРнинг бир неча олий таълим маскани филиали очилган, кўплаб йигит-қизларимиз Чин диёрида таълим олишмоқда.
Хитой ва Ўзбекистон ўртасида 1993 йил илмий даражаларни ўзаро тан олиш, 1999 йил эса таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисида шартномалар имзоланган. Ушбу ҳужжатлар стипендия алмашинуви учун чет эллик талабалар сонини ошириш, университетлар ўртасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, ўқитувчилар алмашинувини йўлга қўйиш учун ҳуқуқий асос яратган.
Хитойнинг мамлакатимиздаги элчихонаси тақдим этган маълумотга кўра, ҳозирги кунда 4 мингга яқин ўзбекистонлик ёш толиб Хитой олий таълим масканларида таҳсил олмоқда.
2008 йил Хитой томонидан Шанхай ҳамкорлик ташкилоти стипендияси таъсис этилган. Шундан буён ташкилотга аъзо барча давлатлар қатори Ўзбекистондан борган талабаларга ҳам давлат стипендияси бериб келинмоқда. Бу таълим соҳасидаги ҳамкорлик фаол ривожланишига ҳисса қўшмоқда.
Хорижлик талабаларга қўшимча қулайлик, имконият яратилаётгани боис, кўплаб ўзбекистонлик ёшлар ҳар йили 100 га яқин талабага давлат стипендияси тақдим этилаётган Хитойда ўқишни афзал кўрмоқда.
Бугунги кунда Хитой Тошкент давлат шарқшунослик университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Наманган муҳандислик-технология институти, Бухоро давлат университети сингари 18 олий ўқув юртларимиз билан расман ҳамкорлик қилиб келяпти.
Табиийки, талабалар алмашинуви дастурлари орқали юртимизда ўқиётган хитойлик ўғил-қизлар ҳам талай ва айни кўрсаткич йил сайин ўсмоқда. Икки давлат олий таълим масканлари шериклиги чуқурлашиши Ланчжоу университети, Шимоли-ғарбий университет ва Тошкент давлат шарқшунослик университети, Пекин иккинчи чет тиллар институти, Сиань халқаро тадқиқотлар университети, Шимоли-ғарбий университет ва Ипак йўли халқаро туризм ва маданий мерос университети, Шимоли-ғарбий сиёсатшунослик ва ҳуқуқ университети ва Тошкент давлат юридик университети ўртасидаги яқин алоқа, доимий мулоқотда намоён.
Пекин иккинчи чет тиллар институти ректори ёрдамчиси, профессор Цзоу Тунцянь “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети проректори лавозимида фаолият юритяпти.
Тяньцзин денгизчилик касб-ҳунар коллежи ва Тошкент давлат транспорт университети ўртасида меморандум имзоланган. Касб-ҳунар таълими соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида, ҳамкорликда “ЛуБань” цехи ташкил этилиши кўзда тутилган.
Шу ўринда айтиш керак, хитой тилини ўрганиш анча қийин. Шу боис, мазкур хорижий тилни пухта ўзлаштириш ниятидаги ёшлар учун мамлакатимизда қатор қулайликлар яратилган.
Aйни пайт Ўзбекистонда 2 та Конфуций институти фаолият кўрсатмоқда – Тошкентда ва Самарқандда. Ҳозиргача бу институтларда 10 минг нафардан зиёд мутахассис тайёрланди. Бу юртимизда хитой тилини ўргатиш даражаси ошиши, ёшларимизнинг Хитой ҳақидаги дунёқараши бойишига хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда хитой тили миллий таълим соҳасидаги 8 та устувор хорижий тиллар рўйхатига киритилган. Хитой тилини ўрганишга қизиқишни кучайтириш, кўпроқ ўғил-қизларни тил ўрганишга жалб этиш мақсадида “Хитой тили кўприги” танлови, “Хитой кўприги” ёзги оромгоҳи каби тадбирлар ташкил этилади. Бу саъй-ҳаракатлар хорижий тилни пухта ўрганиш, халқларимиз ўртасидаги дўстлик риштасини мустаҳкамлашга кўмаклашмоқда.
