Хитой компанияси Бухорога инвестиция киритади

Хитой компанияси Бухорога инвестиция киритади

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Хитойнинг “China CAMC Engineering” компанияси бош директори Ли Хайсин бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Мулоқотда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида кўп томонлама ҳамкорлик муносабатлари сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилгани қайд этилди.

– 2023 йилнинг 18 октябрь куни Пекин шаҳрида давлатингиз раҳбарининг компаниямиз раиси Ван Бо билан учрашувида кўплаб соҳаларда ҳамкорлик қилиш бўйича келишувлар бўлган эди, – деди Ли Хайсин. – Чунки, Ўзбекистон бозори компаниямизнинг инвестициявий фаолиятида муҳим ўрин тутади. Шу туфайли бугун Бухорога келдик. Бу ерга илк ташрифим. Бухоро менга жуда ёқди. Меҳмондўстлик учун алоҳида миннатдорлик билдираман.

Хитой компанияси бош директори туризм, IT, транспорт, тиббиёт, чиқиндини қайта ишлаш соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиш истагини билдирди.

Ўз навбатида Ботир Зарипов меҳмонларга Бухоронинг бой тарихи, бугунги куни, иқтисодий-ижтимоий соҳаларда эришилаётган ютуқлари, саноат, ишлаб чиқариш, туризм ва инвестиция йўналишидаги имкониятлари тўғрисида маълумот берди.

Шунингдек, вилоят раҳбари Хитой компаниясининг салоҳиятидан фойдаланган ҳолда Бухорода “Янги Ўзбекистон боғи”, янги маъмурий марказ лойиҳасини амалга оширишда ҳамкорлик қилиш, аҳоли хонадонларига қуёш панеллари ўрнатиш, ирригация-мелиорация тармоқларини ривожлантириш, Бухоро шаҳри ва Ғиждувон туманида Хитой тажрибаси асосида тиббиёт масканлари қуришга инвестиция киритишни таклиф қилди.

Самимий ва дўстона руҳда ўтган учрашув давомида лойиҳаларни тез фурсатда амалга ошириш ва доимий алоқа алмашиш мақсадида икки томонлама ишчи гуруҳ тузиш ва ишларни белгилаб олишга келишилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!