Вашингтон Саудия Арабистонига бомба сотмоқчи. Нархи – $500 млн

Вашингтон Саудия Арабистонига бомба сотмоқчи. Нархи – $500 млн

АҚШ маъмурияти қарийб 500 миллион доллар эвазига Саудия Арабистонига бошқариладиган ўта аниқ Paveway бомбаларини сотмоқчи. The Wall Street Journal нашрининг ёзишича, Оқ уй Raytheon компанияси ишлаб чиқарган 7,5 мингта бомбани Риёзга сотиш ҳақидаги режасидан Конгрессни хабардор қилган. 

Саудия Арабистони 2019 йилда тузилган келишув доирасида 60 мингта Paveway бомбасидан харид қилган эди. Вашингтон Саудия Арабистонида олдинги авлод бомбалари учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришни ҳам таклиф қилмоқда. 

Мақолада айтилишича, Демократлар партияси вакиллари – конгрессмен Элиот Энгел ва сенатор Роберт Менендес янги келишувга қарши чиқамоқда. Энгел Вакиллар палатасида, Менендес эса Сенатда ташқи ишлар қўмиталарини бошқаради. 

The New York Times газетаси 2019 йилнинг июнида Дональд Трамп маъмурияти Конгрессни айланиб ўтган ҳолда араб мамлакатлари билан қурол-яроғ бўйича йигирмадан ортиқ келишув тузганини ёзиб чиққан эди. 

АҚШ қонунчилигига мувофиқ мудофаа вазирлиги бошқа мамлакатларга қурол-яроғ сотиш ҳақидаги режалар борасида Конгрессга маълумот бериши зарур. Конгресс режаларни 30 кун ичида кўриб чиқади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!