BBC: Исроил Ғазо секторининг марказида қуруқлик ва ҳаво амалиётини бошлади

"ЦАХАЛ Ғазо секторининг марказий қисмидаги Дайр-ал-Балаҳ шаҳрида қуруқлик ва ҳаво орқали янги амалиёт бошлади, бу ҳудудда 20 ойдан ортиқ вақтдан бери ҳарбий ҳаракатлар олиб борилмаган эди", дея ёзмоқда нашр.
Бу тинч аҳоли, жумладан, деярли икки йилдан бери давом этаётган можаро туфайли илгари ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлганлар орасида кўчишнинг янги тўлқинини келтириб чиқарди.
Ҳарбий амалиёт душанба куни эрта тонгда, ЦАХАЛ шаҳарнинг жануби-ғарбий қисмидаги олтита турар жой мавзеси аҳолисини эвакуация қилишни буюрганидан бир неча соат ўтиб бошланди. Ҳозир бу ҳудудда Ғазо жанубидаги Рафаҳ ва Хон Юнусдан келган минглаб қочқинлар бор.
Якшанба куни Исроил ҳарбийлари Дайр-ал-Балаҳнинг жануби-ғарбидаги юз минглаб кўчирилган ғазоликлар бошпана топган бир қанча туманлар аҳолисига уйларини тарк этиб, жанубга йўл олишни буюрган варақаларни ҳаводан ташлаганди.
ЦАҲАЛ бу ҳудудда янги амалиёт бошлаши гаровда қолаётганларнинг оилаларини хавотирга солмоқда, улар ҳужум ҳудудида бўлиши мумкин бўлган қариндошлари операция натижасида азият чекиши мумкинлигидан ташвишда.
Шанба куни гаровга олинганларнинг оилалари Исроил расмийларига мурожаат қилиб, "Исроил фуқаролари ва оилаларига ҳарбий ҳаракатлар режаси қандай экани ва у ҳали ҳам Ғазода бўлган гаровдагиларни қандай ҳимоя қилишини зудлик билан тушунтириш"ни талаб қилди.