Вақтида уйланмаса, ким гуноҳкор бўлади?
Мавзуни бошлашдан аввал бир масал келтирамиз. Чумолига ўғли уйланмоқчи эканини айтибди. Отаси:
- Яхши фикр, ўғлим, уйлан, мен қарши эмасман, - дебди.
- Раҳмат, отажон.
- Айтганча, келин бола ким?
- Филнинг қизи.
- Ие? ўғлим, кўрпага қараб оёқ узат, дейилган. Фил қаёқда-ю, биз қаёқда?! Ўзингга тенгини топмабсан-да!
- Ота, аҳдим қатъий ё филга уйланман ёки бўлмаса, уйланмай ўтаман.
Охир-оқибат чумоли ўғлини филга уйлантирибди. Тўйдан бир неча кун ўтиб эса фил ўлиб қолибди.
Шунда чумоли ўғлига:
- Ўғлим, айтганимни қилмадинг, ўзингдан кўр, ана энди умрингни охиригача гўр ковлайсан, - деган экан.
Ҳозирда уйлана олмай юрган йигитларни мана шу чумолига ўхшатса бўлади. Қайси маънода? Гап шундаки, қарз-ҳавола қилиб, катта харажат билан уйланиб, кейин гулдай умрини қарз тўлашга сарфлайдиган ёшларимизга юрак ачийди. "Олдин оёққа туриб олайин, ўқишга кириб олайин, машина сотиб олайин, ўзимга уй олайин, каръера қилиб олайин... кейин уйланаман", дея вақт ўтказяпти. Ваҳоланки, уйланиш учун шароит бўлганида атай уйланмай юриш гуноҳ бўлади.
Аллоҳ таоло бу ҳақида бундай марҳамат қилган: «Сизларнинг орангиздаги тул (эркак ва аёл)ларни ҳамда қул ва чўриларингиздан яроқлиларини уйлантирингиз! Агар улар камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлу карами билан бой-беҳожат қилур» (Нур, 32).
Ҳудди шунингдек, ўзларининг бемаъни, тутириқсиз, манфатсиз бўлган орзу-ҳаваслари сабаб ўғлини уйламай, қизини турмушга бермай юрган баъзи ота-оналар ҳам гуноҳкор бўладилар. "Катта тўй қилишим керак, фалончи-писмадончиларни опкелишим керак, мунча ош дамлашим шарт, олдин уй жой қилиб олайлик", деган ҳою ҳаваслар сабабли ўғил-қизлари зино ўйлари исканжасида қийналиб юрганини, бу орзу-ҳаваслари фарзандларига зулм бўлаётганини ўйлаб ҳам кўришмайди
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй йигитлар жамоаси! Сизлардан қайси бирингиз уйланишга қодир бўлса, уйлансин! Зеро, (уйланиш) кўзни номаҳрамга тикилишдан, авратни ҳаром (зино)дан сақлайди. Ким (уйланишга) қодир бўлмаса, рўза тутсин! Зотан, рўза ундан (яъни ҳаромга тушиб қолишдан) қалқондир», деб марҳамат қилганлар (Бухорий ривояти).
Уламолар уйланишнинг олти ҳолати бор деб айтишган.
1. Фарз: маҳр ва аёл нафақасига етарли моли бўлиб, фақатгина уйланиш билан зинодан сақлана оладиган кишиларга уйланиш фарз бўлади.
2. Вожиб: маҳр ва аёл нафақасига етарли моли бор ва уйланмаса, зинога кетиш хавфи бўлганларнинг уйланиши вожиб бўлади.
3. Суннат: маҳрга ва аёл нафақасига етарли моли бор ва жинсий муносабатга лаёқатли кишиларга уйланиш суннати муаккада бўлади.
4. Ҳаром: маҳр ва аёл нафақасига қодир бўлмаган, аёлга зулм қилиши ва жинсий лаёқати йўқлиги аниқ кишиларга уйланиш ҳаром бўлади.
5. Макруҳ: маҳр ва нафақа етказиб беришдан, зулм ёки жинсий ожизликдан хавф қилган кишиларга уйланиш макруҳ.
6. Мубоҳ: Уйланишга рағбат ёки ундан ман қилувчи нарсалар бўлмаган ҳолатда уйланиш мубоҳ бўлади.
Ҳозирда ихчамгина ва исрофсиз тўй қилишга қодир бўла туриб: "Орзу-ҳавасим бор, катта тўй қилишим керак, у олишим, бу олишим лозим", дея ўғлини уйлантирмай, қизини узатмай юрганлар гуноҳкор бўлаётганини билишармикан? Ўғли уйланишга қодир бўла туриб, ота-онасининг орзу ҳаваси қурбони бўлаётгани, ёши каттариб кетаётгани, зино ўйлари исканжасида қийналиб яшаётгани, қиёмат куни буни ҳали савол сўроқлари борлигини-чи?
Баъзи уламолар: «Агар инсон турмуш қилишга муҳтож бўлса-ю уни тарк қилиш билан ўзига машаққат етишидан қўрқса, турмуш қуришни фарз бўлмиш ҳаждан ҳам муқаддам қилади», деб айтишган.
Пандемия сабабли ўн беш-йигирма киши билан, ихчам, исрофсиз қилиб тўй қилса ҳам бўлишини кўрдик. Аслида тўйлар мана шунақа бўлиши лозим. Лекин баъзиларимиз ўз-ўзимизни ва ўғил-қизимизни ортиқча сарф ҳаражат, шайтоний орзу-истаклар боис қийнаганимиз-қийнаган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Aёл кишигa тўрт сaбaб: бoйлиги, нaсaби, ҳусни ёки дини учун уйланилади. Шундaй экaн, сeн диндoригa уйлaнишгa ҳaрaкaт қилавер, барака топкур!» дeб айтганлар (Муслим ривояти).
Эътибор қилсак, никоҳ ҳақидаги ушбу ҳадисда орзу-ҳавас ҳақида эмас, балки никоҳланадиган аёл ёки эркакнинг ҳолати зикр қилинган.
Хулоса: Уйланиш – суннат.
Ота зиммасида ўз вақтида ўғилларни уйлаб, қизларни турмушга бериш лозим бўлади ва бу иши сабабли савобга ноил бўлинади. Оналар зиммасида эса қаноат, сабр ва ақл билан эрига ушбу ишда ёрдам бериши лозим.
Ҳар бир оқил инсон учун фарзандларининг бахтли саодатли яшаши муҳим, бу ҳолат эса орзу-ҳавасли тўйга эмас, исроф ва ҳаромсиз никоҳга боғлиқ.
Суннатуллоҳ Абдулбосит
