Ўзбекистоннинг Янги Конституциясидаги 10 та асосий ўзгариш

A A A
Ўзбекистоннинг Янги Конституциясидаги 10 та асосий ўзгариш

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрири 2023 йил 1 майдан эътиборан кучга кирди. Бунга 30 апрел куни бўлиб ўтган референдум натижасига кўра 11 та моддадан иборат тегишли қонуннинг қабул қилиниши асос бўлди. Бу қонуннинг 1-моддасига Конституциянинг янги таҳрири илова қилинган.

Бунга қадар 1992 йилдан буён констититуцияга жами 15 марта ўзгартиш киритилган эди. Бу сафар эса ўзгаришлар кўлами катталиги сабаб ҳужжатнинг янги таҳрири қабул қилинди. Янгиланиш натижасида, бош қомусдаги моддалар сони 128 тадан 155 тага, ундаги нормалар эса 275 тадан 434 тага ошди. Умуман, расмийларга кўра, конституция 65 фоизга янгиланган.

Қуйида Kun.uz назаридаги энг муҳим ўнта йўналишда рўй берган ўзгаришлар ҳужжатдаги кетма-кетлик бўйича келтириб ўтилади.

1. Ўзбекистон – ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат

Конституциянинг 1-моддасидаги “Ўзбекистон – суверен демократик республика” жумласи қуйидагича ўзгартирилмоқда:

  • Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат.

Бошқарувнинг республика шакли – давлат ҳокимиятининг олий органлари халқ томонидан муайян муддатга сайланишини англатади.

Суверен давлат – ўз ҳудудида тўла-тўкис мустақил ҳукмронлик ва мутлақ юрисдикцияга эга бўлиш демакдир.

Демократия эса халқ ҳокимиятини ифода этиб, давлат бошқарувида сайланиш ва ўз вакилларини сайлаш орқали барчанинг тенг ҳуқуқли иштироки таъминланишини кўзда тутади.

Ҳуқуқий давлатда барча жараёнлар қонуний асослар устига қурилади, давлат хизматчиларидан ҳуқуқ доирасида фикрлаш, барча масалаларга ҳуқуқий кўз билан қараш талаб этилади. Қолаверса, ҳуқуқий давлатда барча фуқаролар қонун олдида тенг бўлади, давлат ҳокимиятининг олий органлари ҳам қонунларга бўйсунади ва қонунларнинг муқаррар ижросини таъминлайди.

Ўзбекистон ўзини ижтимоий давлат деб эълон қилиши билан, ҳар бир фуқаросига муносиб турмуш кечириши учун шарт-шароит яратиш мажбуриятини олмоқда. Бу – мавжуд ресурсларни ижтимоий адолат тамойиллари асосида тақсимлаш, жамиятда кучли табақаланиш авж олишига йўл қўймаслик, энг заиф қатламлар учун ҳам сифатли таълим ва тиббиёт кафолатланиши, самарали ижтимоий ҳимоя дастурлари ишлаши, имконияти чекланган ва қўлловга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш, адолатли меҳнат қонунчилиги ва жозибадор пенсия тизими кабиларни англатади. Оддийроқ айтганда, энг камбағал оиланинг болаларида ҳам соғ-саломат ўсиб-улғайиб, яхши таълим олиб, фаровонликка эришиш имконияти бўлиши керак.

Дунёвий давлатда давлат ва дин бир-биридан ажратилган бўлади. Давлат диний эътиқодидан қатъи назар барчага бир хил муносабатда бўлади, динга оид масалаларда нейтрал позицияни эгаллайди.

Янги конституциянинг 154-моддаси билан, 1-моддадаги қоидаларни қайта кўриб чиқиш мумкин эмас, деб белгиланди. Худди шунингдек, 154-модданинг ўзидаги айнан шу қоидага оид банд ҳам қайта кўриб чиқилиши мумкин эмас.

Бошқача айтганда, бу норма – Ўзбекистон ҳеч қачон демократиядан воз кечмаслиги, ҳуқуқий давлатчиликка содиқлиги, монархияга ёки исломий республикага айланмаслигини назарда тутади.

2. Конституция тўғридан тўғри амал қилади

15-моддага қуйидагича қўшимча қўшилди:

  • Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.

Конституциянинг тўғридан тўғри амал қилиши фуқароларга нафақат қонунлар, балки бевосита конституциядаги нормаларга ҳам асосланган ҳолда иш олиб боришга, хусусан судга мурожаат қилишга имкон беради.

Референдумда қабул қилинган қонунга биноан, Олий суд 3 ой ичида тегишли Пленум қарорини қабул қилиши керак. Бу қарор асосида судлар томонидан конституция нормаларини тўғридан тўғри амал қилувчи ҳужжат сифатида қўллаш юзасидан ягона суд амалиёти жорий этилади.

3. Имтиёзлар қонунда ёзиб қўйилиши шарт эмас

Янги конституциянинг 19-моддаси (аввалги 18-модда) – фуқароларнинг жинси, миллати, мавқейи ва ҳоказолардан қатъи назар қонун олдида тенглиги ҳақида. Бу модданинг 2-қисми қуйидагича ўзгармоқда:

  • Эски: Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт.
  • Янги: Имтиёзлар фақат қонунга мувофиқ белгиланади ва ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт.

Бу билан конституциянинг амалда ишламай келган нормаларидан бири реал воқеликка мослаштирилмоқда. Амалиёт шундайки, турли жабҳалардаги имтиёз ва преференциялар нафақат қонунлар асосида, балки кўп ҳолатларда қонуности ҳужжатлар – қарор ва фармонлар асосида бериб келиняпти.

4. Барча ноаниқликлар – инсон фойдасига

Конституциянинг янги таҳририга асосан:

  • Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади.

Ижтимоий муносабатлар чексиз шаклларга эга, уларни норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда тўлиқ кодификация қилиб чиқиш амалда имконсиз.

Эндиликда, қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилмаган масалаларда зиддият юзага келса, масала инсон фойдасига ҳал этилади.

Бундан ташқари, турли ҳужжатларни юритишда давлат органлари томонидан хато-камчилик ўтган тақдирда, масалан пенсия тайинлашда тегишли ҳужжатлар базадан топилмай, ноаниқлик юзага келганида ҳам вазият фуқаро фойдасига ҳал этилиши керак.

5. Инсон ҳуқуқлари ижтимоий ахлоқ ва жамоат тартибини сақлаш мақсадида чекланиши мумкин

Ҳуқуқ ва эркинликларнинг чекланиши масаласи аввалги конституцияда қуйидаги иккита норма билан тартибга солинган эди:

  • Инсоннинг конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир ҳамда улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас.
  • Фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт.

Конституциянинг янги таҳририда юқоридаги иккита норма деярли ўзгаришсиз сақлаб қолинди. Шу билан бирга, қуйидагича янги норма қўшилди:

  • Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонунга мувофиқ ва фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш мақсадида зарур бўлган доирада чекланиши мумкин.

Чекловлар бўйича бу меъёрлар сўз эркинлиги ҳуқуқига ҳам тегишли. Яъни ахборот излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқи фақат конституциявий тузумни, аҳоли соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлиги ва тартибини таъминлаш, давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирнинг ошкор этилишига йўл қўймаслик мақсадида чекланиши мумкин.

Таъкидлаш лозим, “ижтимоий ахлоқ” тушунчаси Ўзбекистон қонунчилигига ҳозирча киритилмаган. Мазкур модда бўйича инсон ҳуқуқлари “жамоат тартибини таъминлаш мақсадида” чекланиши бўйича ҳам ваколатли органнинг ҳуқуқий шарҳига зарурат бор.

6. Ўқитувчилар алоҳида эътирофда

Конституцияга ўқитувчилар ҳақида янги модда қўшилди. У икки банддан иборат:

  • Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади.
  • Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади.

Шу тариқа, устозлар ҳуқуқ соҳаси вакили бўлмаган, лекин олий қонунда алоҳида тилга олинган ягона касб эгаларига айланди. Конституцияда номи келтирилган ўқитувчилардан бошқа касб эгаларининг барчаси – ҳуқуқ соҳаси вакиллари (судялар, прокурорлар ва адвокатлар). Бошқа ҳолатларда касб эгалари эмас, соҳалар ҳақида гап кетган (масалан, оммавий ахборот воситалари, турли жамоат бирлашмалари).

7. Ер хусусий мулк бўлиши мумкин

Ўзбекистонда 2022 йилдан эътиборан қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш бошланган. Шу билан деярли бир вақтда, ўтган йили эълон қилинган янги конституция лойиҳасининг бирламчи версиясида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни хусусийлаштириш мумкин эмаслигига ишора қилинган эди. Якуний талқиндан бундай чеклов олиб ташланди ва ерни хусусийлаштиришга оид норма қуйидагича шаклга келтирилди:

  • Ер қонунда назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши мумкин.

Бош қомуснинг ўтган йили эълон қилинган биринчи лойиҳасида унга қуйидагича жумлани киритиш таклиф этилган эди: “Иқтисодий фаолиятда инсофсиз рақобатга, монополлаштиришга йўл қўйилмайди”. Якунда бу борадаги нормалар қуйидагича кўриниш олди:

  • Давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратади.
  • Монопол фаолият қонун билан тартибга солинади ва чекланади.

Шунингдек, ҳужжатнинг бирламчи лойиҳасида мавжуд бўлган: “Хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмайди ҳамда бекор қилинмайди” деган норма ҳам охир-оқибат конституцияга киритилмади.

8. ОАВ фаолиятига тўсқинлик қилиш жавобгарликка сабаб бўлади

Аввалги конституциянинг “Оммавий ахборот воситалари” номли боби битта моддадан иборат эди. Унда шундай дейилганди: “Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгардирлар. Цензурага йўл қўйилмайди”.

Янги конституцияга кўра, бу боб иккита моддадан иборат бўлди:

  • Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ иш олиб борадилар. Давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди. Оммавий ахборот воситалари ўзи тақдим этадиган ахборотнинг ишончлилиги учун жавобгардир.
  • Цензурага йўл қўйилмайди. Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Асосий янгилик – ОАВ фаолиятига тўсқинлик учун жавобгарлик конституция даражасида белгиланди. МЖтК ва Жиноят кодексларига тегишли жавобгарлик киритилиши ҳақида 4-5 йилдан бери гапириб келинади, лекин уларнинг барчаси оғизда ва қоғозда қолиб кетмоқда.

Эндиликда, референдумда қабул қилинган қонунга кўра, Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликни янги конституцияга мослаштириш дастурини 2 ой муддат ичида ишлаб чиқиб, парламентга киритиши керак.

9. Давлат бошқарувидаги ўзгаришлар. Президентнинг ваколат муддати 7 йил бўлди

Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги конституциясига биноан:

  • Президентнинг ваколат муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилди. Президентнинг “давлат бошлиғи” мақоми, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ президент бўлиши мумкин эмаслиги ҳақидаги қоида, президентнинг қасамёди матни ва президентга тааллуқли бошқа аксарият нормалар ўзгаришсиз қолдирилди. Маълумот учун, президентнинг ваколат муддати 2003 йилда ҳам 5 йилдан 7 йилга узайтирилган, 2011 йилда эса қайтиб 7 йилдан 5 йилга туширилган эди.
  • Бош вазир номзодини энди президент тақдим этади. Президент бош вазир номзодини тақдим этишдан олдин парламентга кирган барча партияларнинг фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказиши белгиланди. Қонунчилик палатаси президент тақдим этган номзодни кўриб чиқади, агар депутатларнинг ярмидан кўпи маъқулласа, бош вазир лавозимга тасдиқланади. Агар депутатлар номзодни уч марта рад этса, президент бош вазирни тайинлаб, Қонунчилик палатасини тарқатиб юборишга ҳақли. Аввалги тартибга кўра, бош вазир номзодини Қонунчилик палатасида энг кўп ўринни эгаллаган партия таклиф қилар, президент маъқуллагач, номзод икки палата томонидан тасдиқланиши талаб этиларди.
  • Сенаторлар сони 100 нафардан 65 нафарга туширилади. 14 та ҳудуддан 6 нафардан эмас, 4 нафардан сенатор сайланади, президент томонидан тайинланадиган сенаторлар сони 16 нафардан 9 нафарга қисқаради. Бу ўзгариш 2024 йилда бўладиган парламент сайлови вақтида кучга киради. Қонунчилик палатаси депутатлари сонини (150 нафар) оширмасликка, ўзгаришсиз қолдиришга қарор қилинди.
  • Бош вазирни тайинлаш ва унга ишончсизлик вотуми билдиришда Сенатнинг иштироки бекор қилинди. Эндиликда бунинг учун депутатлар умумий сонининг учдан икки қисми овоз бериши етарли (аввал ҳар икки палата аъзоларининг учдан икки қисми овоз бериши зарур эди; эслатиб ўтамиз, ишончсизлик вотуми эълон қилинса, президент бош вазирни лавозимидан озод этади). Бундан ташқари, Қонунчилик палатаси ҳукумат аъзоларини истеъфога чиқариш тўғрисида президентга таклиф киритиш ваколатига эга бўлди. Бош вазир ва ҳукумат аъзоларининг ҳисоботларини эшитиш ҳам қуйи палатанинг ваколатига ўтказилди.
  • Коррупцияга ва монополияга қарши курашиш органлари раҳбарларини президент тақдимига биноан сайлаш Сенатнинг ваколатига киритилди. Сенат, шунингдек, энг юқори рангдаги суд мансабдорларини сайлайди, бош прокурор ва Ҳисоб палатаси раислигига номзодларни кўриб чиқиб маъқуллайди, ДХХ раислигига номзод бўйича президент билан маслаҳатлашув ўтказади, Марказий банк раисини тайинлайди ва лавозимидан озод этади, хориждаги асосий дипломатларни тайинлайди ва лавозимидан озод этади (буларнинг барчаси президент тақдимига биноан амалга оширилади). Бундан ташқари, Сенат маҳаллий кенгашларнинг қонунга зид қарорларини бекор қилиш ваколатига эга бўлди.
  • Қонунчилик палатаси қонунлар бўйича қўшимча ваколатга эга бўлди. Унга кўра, эндиликда Сенат қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида 60 кун ичида қарор қабул қилмаса, Қонунчилик палатаси қонунни президентга юборади. Қонунларнинг президент томонидан имзоланиши ва эълон қилиниши учун белгиланган муддат 30 кундан 60 кунга узайтирилди. Президент томонидан қайтарилган қонун парламент палаталари томонидан яна қабул қилинган тақдирда, президентнинг бу қонунни имзолаш ва эълон қилиш муддати ўзгаришсиз (14 кун) қолдирилди.
  • Президент муддатидан илгари президент сайловини тайинлашга ҳақли экани белгиланди. Бундан ташқари, Қонунчилик палатаси ва Сенатга палата аъзоларининг камида учдан икки қисмининг овози билан ўзини ўзи тарқатиб юбориш ваколати берилди. Шунингдек, жиддий воқеалар рўй берганида, икки палата қўшма қарор қабул қилган ҳолда парламент текшируви ўтказиши мумкинлиги кўрсатилди.
  • Судялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмайди. Конституцияга қўшилган бу норма бўйича ҳам ҳуқуқий шарҳга зарурат бор. “Судлар тўғрисида”ги қонунда “ҳисобдор” тушунчаси учрамайди. Судяларнинг ўзлари чиқарган қарорлари бўйича ҳисобдор бўлмаслиги одил судловни таъминлашга қандай таъсир қилиши – изоҳталаб ҳолат, бизнингча.
  • Конституциявий суд судялари 10 йил муддатга сайланади ва қайта сайланиши мумкин бўлмайди. Аввалги тартибга кўра, бу муддат биринчи марта сайланганида 5 йил, кейингисида 10 йил эди.

Айни бир шахс сурункасига икки мартадан ортиқ лавозимни эгаллаши мумкин эмаслиги ҳақидаги қоида, президентдан ташқари, Сенат раиси, Қонунчилик палатаси спикери, Олий суд раиси ва ўринбосари, Судьялар олий кенгашининг раиси ва ўринбосари, Марказий сайлов комиссияси раиси ҳамда бош прокурорга нисбатан ҳам татбиқ этилмоқда. Ҳокимлар ва кенгашлар раислари бўйича эса бу қоида сурункасига икки мартадан ортиқ айнан битта вилоят, туман ёки шаҳарда ҳоким ёки кенгаш раиси бўлишни чеклайди; яъни бир шахс сурункасига икки мартадан ортиқ турли ҳудудларда ҳоким ёки кенгаш раиси бўлиши мумкин.

Референдумда қабул қилинган қонуннинг 7-моддаси билан, барча даражадаги давлат мансабдорларининг айни пайтга қадар эгаллаб келган муддатлари ноллаштирилди. Улар лавозимларини эгаллаб келаётганининг сурункали муддатлари сонидан қатъи назар, бошқа фуқаролар билан тенг равишда худди шу лавозимларга сайланиш ва тайинланишга ҳақли, деб белгиланди.

10. Маҳаллий давлат ҳокимиятидаги ўзгаришлар. Ҳокимлар кенгаш раислигидан кетади

Маҳаллий давлат бошқарувида вакиллик ва ижро этувчи органлар бир-биридан ажратилмоқда. Бу борадаги ҳозирги тартиб ҳокимиятнинг бўлиниш ва ҳокимият бўғинларининг ўзаро тийиб туриш принципига зид. Бош қомуснинг янги таҳририга асосан, бунга барҳам берилиб, маҳаллий кенгашлар сайланадиган вакиллик органлари, ҳокимликлар эса ижро органлари деб белгиланмоқда.

Шунга мувофиқ, қуйидаги саналардан бошлаб, ҳокимларнинг кенгашларда раислик қилишига барҳам берилади:

  • вилоятларда ва Тошкент шаҳрида 2024 йилги депутатлик сайловлари якунлари бўйича;
  • туман ва шаҳарларда 2026 йил 1 январдан бошлаб.

Маҳаллий кенгашлар раислари кенгаш депутатлари орасидан 5 йил муддатга сайланади. Ҳокимлар эса 5 йил муддатга тайинланади, тайинланган ҳокимни кенгашлар тасдиқлайди. Шу тариқа, кенгаш раислари ҳам, ҳокимлар ҳам тўғридан тўғри аҳоли томонидан сайланмайди.

Кенгашларнинг ваколатларига, жумладан, қуйидагилар киради:

  • маҳаллий бюджетни кўриб чиқиш ва қабул қилиш, унинг ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш;
  • ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш дастурларини тасдиқлаш;
  • ҳокимни лавозимга тасдиқлаш, унинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни эшитиш.

Ҳокимларнинг ваколатлари эса, жумладан, қуйидагилардан иборат бўлади:

  • Конституция ва қонунларни, парламент палаталарининг қарорларини, президентнинг фармонлари, қарорлари ва фармойишларини, Вазирлар Маҳкамасининг, юқори турувчи ҳокимларнинг ва тегишли халқ депутатлари Кенгашларининг қарорларини бажариш;
  • ҳудудларни иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик жиҳатдан ривожлантиришни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш.

Ҳокимлар ва маҳаллий кенгашларнинг фаолиятини ташкил этиш тартиби бўйича алоҳида қонунлар қабул қилинади. Маҳаллий масалалар бўйича уларнинг ваколатлари қандай тақсимланиши ана шу қонунларда акс этади.

***

Юқоридагилардан ташқари, конституцияга бошқа кўплаб нормалар ҳам қўшилган, жумладан:

  • Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади.
  • Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас.
  • Қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмайди.
  • Ҳар ким ўз шахсига доир нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
  • Давлат интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев конституция ислоҳоти ҳақида 2021 йил 6 ноябр куни, иккинчи президентлик муддатига киришиши юзасидан инаугурация маросимидаги нутқида биринчи марта айтиб ўтган эди. Давлат раҳбари ўша йили декабр ойида, конституция байрами арафасида халққа йўллаган табригида: “конституцияни янгилашдек ғоят муҳим, стратегик вазифани ҳал этишда етти марта эмас, етмиш марта ўйлаш” зарурлигини таъкидлаган эди. 2022 йил май ойида конституциявий комиссия тузилиб, ҳужжатни янгилаш жараёни бошланди.

Расмийларга кўра, конституция қабул қилинган кун сифатида бундан кейин ҳам 1992 йил 8 декабр санаси эътироф этилади, 8 декабр – байрам санаси ўзгармайди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!

Миллионер! Ҳусанов “Сити”да жами қанча маош олади?

Франциянинг L’Équipe спорт нашри Англия Премьер-лигасидаги энг юқори маош олувчи 5 нафар футболчидан иборат рейтингни эълон қилди.

Европа Украинадан воз кечиб, Россия билан ҳамкорлик қилишга ҳаракат қилмоқда

Бу ҳақда Германиянинг Berliner Zeitung газетаси хабар берди

ЖЧ-2026ни ўтказиб юборадиган энг қиммат футболчилар рейтинги тузилди

Transfermarkt мутахассислари ўзига хос рейтингини эълон қилишди.

Эрон: "Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси тажовузкор АҚШнинг USS Abraham Lincoln авиаташувчи кемасига зарба берди"

Бу ҳақда Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси матбуот хизмати маълум қилди.

АҚШ ва Исроил Эронга гуманитар ёрдам олиб кетаётган самолётни уриб туширди

Бу ҳақда Эрон фуқаролик авиацияси ташкилоти баёнот берди.

Ҳормуз бўғозида Америка қирувчи самолёти уриб туширилди

Бу ҳақда ISNA агентлиги Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига таяниб хабар берди.

Пеп Гвардиола Европанинг гранд терма жамоасини қабул қилиб олиши мумкин

Италия терма жамоаси навбатдаги бор Жаҳон чемпионатидан қуруқ қолганидан сўнг янги мураббий тайинлашга тайёргарлик кўрмоқда.

Миср кемаси Россиянинг "Арктик Метагаз" газ ташувчисини тортиб олаётгани хабар қилинди

Ливия Фавқулодда вазиятлар қўмитаси маълумотига кўра, кема ҳозирда қирғоқдан 62 мил узоқликда жойлашган.

Трампнинг босими остида қолган Саудия Арабистони шаҳзодаси Путин билан суҳбатлашди

Бу ҳақда Россия ОАВлари Кремль матбуот хизматига таяниб хабар бермоқда.

Миршаймернинг кескин баёноти: «Трамп ва Нетаньяху Нюрнбергда осилган бўлар эди»

Агар Нюрнберг суд жараёнлари бугун ўтказилганида, АҚШ президенти Дональд Трамп ва Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху қатл этилган бўлар эди.

Эронда бир баққол дўкони ойнасида шундай ёзув илган:

«Бу хаёлий маҳсулот эмас. Агар эҳтиёжинг бўлса, ол — урушдан кейин тўлайсан.»

Қадр кечаси қайси кунга тўғри келади?

Рамазон ойининг охирги 10 кунлиги бошланди.

Эронда 19 ёшли спортчи дорга осиб қатл этилди

19 ёшли Солиҳ Муҳаммадий — Эрон ёшлар терма жамоаси аъзоси ва 2024 йил халқаро мусобақалар совриндори — яна икки йигит билан бирга дорга осиб қатл этилди.

Эрлинг Холанд ўзига янги жамоа танлади

Бу ҳақда Football365 портали журналистлари хабар бермоқда.

Эрон мусулмон давлатларига чақириқ билан чиқди

Эрон Олий Миллий Хавфсизлик Кенгаши котиби Али Ларижоний АҚШ ва Исроил ҳужуми бошланганидан бери ҳеч бир мусулмон давлати Эронга ёрдам бермаганини айтди.

"Трамп ҳали ҳам ғалаба қозонганини айтиб келади. Лекин аслида у анча олдин ютқазган эди"

Менимча, Тайван фуқаролари ҳақиқий вазиятга назар ташлаганларида, буни аниқ кўришади.

Трамп Эрон томонидан уриб туширилган самолёт ҳақида фикр билдирди

Бу ҳақда NBC News нашри хабар бермоқда.

Ўзбекистон таклифни қабул қилмаган машҳур мураббий мундиалга бошқа термани олиб боради

Ўтган йили Ўзбекистон миллий терма жамоаси бошқаришга таклиф этилган машҳур немис мутахассиси Йоахим Лёв барибир жаҳон чемпионатига бориш имкониятига эга бўлди.

Эрондан Исроилга ракеталар тўлқини отилди

Бу ҳақда Исроил армияси матбуот котиби маълум қилди.

Эрон томонидан уриб туширилган АҚШ F-15 самолётининг экипаж аъзоларидан бири қутқариб олинди

Бу ҳақда CBS News америкалик расмийларга таяниб хабар берди.

Дональд Трамп Эрон операцияси туфайли қийин вазиятга тушди

Истеъфодаги америкалик дипломат Жим Жатраснинг фикрича, АҚШ президенти Дональд Трамп Эронга қарши операция сабаб мураккаб сиёсий вазиятда қолган.

Германияда ниқобли шахс поезд йўловчиларига ҳужум қилди

Йўловчилардан бири ҳужумчини ҳожатхонага қамаб қўйишга муваффақ бўлган. Полиция жиноятчини Бонн/Зигбург вокзалида қўлга олди.

Россияда йўловчи поездининг еттита вагони релсдан чиқиб кетди

Челябинск вилояти губернатори Алексей Текслернинг аниқлик киритишича, икки йўловчи оғир тан жароҳати олган, яна 20 киши ҳам енгил жароҳатланган.

"Абадият белгилар: Рамзларда туркий олам” ҳужжатли фильми эълон қилинди (ВИДЕО)

Фильм Туркий маданият ва мерос жамғармаси томонидан ишлаб чиқарилган бўлиб, энди TurkDiscovery YouTube платформасида томоша қилиш учун тақдим этилди.

Тошкентда зилзила содир бўлди

Тожикистонда 10 км чуқурликда 5.5 магнитудали зилзила қайд этилди.

Марокаш гиёҳванд моддалар картелига тегишли ер ости туннели Испанияда топилди

Операцияда 250 га яқин полиция ходими иштирок этди. Натижада 27 киши ҳибсга олинди, 17 тоннадан ортиқ гашиш ва 88 килограмм кокаин мусодара қилинди.

Дональд Трамп Эронга янги таҳдид юборди: “Келишувга эришмасангиз, ҳеч нарса қолмайди”

Бу таҳдид Трампнинг Truth Social аккаунтида эълон қилинди.

Дональд Трамп ижтимоий дастурларни қисқартириш орқали ҳарбий харажатларни йирик миқдорда оширишга тайёргарлик кўрмоқда — Bloomberg

Агентликнинг хабар беришича, АҚШнинг 2027 йилги бюджетида асосий эътибор мудофаа соҳасини кенг кўламда кучайтиришга қаратилади.

АҚШ ва Исроил ҳаво ҳужуми Теҳрон яқинидаги Караж шаҳрида қурилаётган B1 кўпригини қисман вайрон қилди

Кўприк минтақани Эрон пойтахти билан боғлайдиган йирик автомагистралнинг бир қисми бўлиши режалаштирилган эди.

Хитойда янги хавфли вирус тарқалмоқда

Хитойда илк бор ўта хавфли SAT1 туридаги вирус штамми аниқланди — касаллик Россиянинг чегара ҳудудларида тарқалмоқда.

Эрон қатъий огоҳлантирди: АҚШ ва Исроил таслим бўлмас экан, уруш тўхтамайди

Эрон расмийлари АҚШ ва Исроил ҳали таслим бўлмагани ҳолда, Теҳронда олиб борилаётган ҳарбий кампания тўхтамаслигини эълон қилди.

Украина террорни экспорт қила бошлади...

Яқинда Ҳиндистонда олти украиналик ва битта америкалик ҳибсга олинган эди.

Теҳронда вайронагарчилик: 46 мингдан ортиқ бинога зарар етди

АҚШ ва Исроилнинг 28 февралдан 2 апрелгача бўлган ҳаво ҳужумлари натижасида Теҳронда 46 437 та турар-жой ва тижорат бинолари зарар кўрди.

Дональд Трамп ва НАТО ўртасида зиддият: республикачилар қарши чиқмоқда

АҚШдаги республикачи сиёсатчилар Дональд Трампнинг мамлакатни НАТОдан чиқариш эҳтимолига қарши чиқмоқда.

Эрон АҚШни масхара қилди: “Биз 6000 йиллик цивилизациямиз”

Жанубий Африкадаги Эрон элчихонаси АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсетнинг “Эрон тош даврига қайтиши мумкин” деган баёнотини масхара қилди.

БМТ: Жаҳон уруши хавфи — Яқин Шарқ можароси кескинлашмоқда

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш жаҳонда янги кенг кўламли уруш бошланиши хавфи ҳақида огоҳлантирди.

Тошкентда ЙПХ ходимига қўл кўтарган маст ҳайдовчига жиноят иши қўзғатилди

Шундан сўнг ходимлар ўзлари ва атрофдагилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида махсус воситаларни қўллаган ҳолда қонунбузар фуқарони зарарсизлантирган.

Ҳиндистонда 70 ёшли фил “пушти фотосессия”дан кейин вафот этди

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари блогерни ҳайвонга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганликда айблаб, уни жавобгарликка тортишни талаб қилмоқда.

Фарғонада оғуфурушларга 12 йилдан 15 йилгача қамалди

Шунингдек, қўлга олиш жараёнида воқеа жойидан қочишга уринган тадбиркорнинг ёнидан 14,5 минг АҚШ доллари ва 6 млн 250 минг сўм пул маблағлари ҳам олинган.

Тошкент ва Сирдарёда «Умра» билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди

Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида «Умра» зиёратига юбориш билан боғлиқ бир қатор фирибгарлик ҳолатлари фош этилди.