Ўзбекистонликларни умрага ноқонуний юбориб келган турфирма жаримага тортилди
Фуқароларимизнинг “Умра” тадбирларини муносиб ва хавфсиз бажаришлари учун шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш доирасида “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолияти билан лицензиясиз ташкил этаётган тадбиркорлик субъектларига нисбатан тизимли чора-тадбирлар давом этмоқда.
Дин ишлари бўйича қўмита томонидан ўтказилган текширувларда Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида жойлашган “Xurmo travel umra” МЧЖ (Сахий травел) томонидан фуқароларга лицензиясиз “Умра” тадбирини ташкил этиб келгани аниқланди.
Шунингдек, Сурхондарё вилояти, Денов шаҳрида “Anor tour” номи остида, Тошкент шаҳри, Чилонзор туманида “Sokin travel” номи остида жисмоний шахслар томонидан давлат рўйхатидан ўтмасдан “Умра” тадбирини ташкил этиб келгани аниқланди.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Қўмита томонидан “Xurmo travel umra” МЧЖ (Сахий травел)га нисбатан “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунининг тегишли моддалари талаблари бузилиши юзасидан иш қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш якунлари юзасидан БҲМнинг 200 баравари (75 млн сўм) жарима қўллаш бўйича қарор қабул қилинди.
“Anor tour” ва “Sokin travel” номлари остида ишлаб келган жисмоний шахсларнинг ҳатти-ҳаракатлари бўйича тўпланган материаллар тегишли чора кўриш юзасидан ҳуқуқ тартибот органларига юборилди.
Огоҳ бўлинг, “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга оид хизматларини лицензияга эга бўлмаган тадбиркорлик субектлари томонидан кўрсатиш тақиқланган.
Ҳурматли фуқаролар, Дин ишлари бўйича қўмита зиёратчиларимизни "Умра" амалларини муносиб ва хавфсиз бажаришлари учун огоҳ бўлишлари ва кейинчалик турли кўнгилсиз ҳолатларга тушиб қолмасликлари мақсадида ишончли ва кафолатланган хизматлардан фойдаланишларини тавсия этади.