Ўзбекистонлик эркакнинг Россиядаги аянчли тақдири: муштлашувдан Украина уруши ва қамоққача
Ўзбекистонлик эркак Россияда рус фуқароси билан тортишиб қолиб, муштлашади. Унга иккита шарт қўйишади: ё жиноий жавобгарлик ва қамоқ (шунчаки муштлашгани учун), ёки Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаш. Ҳамюртимиз қамоқдан қўрқиб, урушни танлайди.
Эркак 2023 йилда фуқаролик, кейинроқ эса ҳарбий гувоҳнома олади. 2025 йил май ойида Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолайди ва ҳарбий тайёргарликдан ўтади, кейин Украинанинг Запороже вилояти ҳудудидаги жанговар ҳаракатлар зонасига юборилган.
2025 йил июнь ойида эркак ракета зарбаси натижасида жароҳат олган ва ҳарбий госпиталларда даволанган. Октябрь ойида у Ўзбекистонга қайтиб келган, у ерда унинг мобил телефони текширилганда ҳарбий кийимдаги фотосуратлар, шунингдек, жанговар ҳаракатларда иштирок этганини тасдиқловчи расмий ҳужжатлар топилган.
Суд жараёнида Ш.И. ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, Россия Федерацияси фуқароси билан муштлашгани учун Россияда жиноий жавобгарликка тортилишидан қўрқиб, босим остида шартнома имзолаганини маълум қилди.
Суд-тиббий экспертизаси жанговар ҳаракатлар зонасида олинган тан жароҳатлари мавжудлигини тасдиқлади.
Суд ҳукмига кўра, у ЖКнинг 154-моддаси (ёлланиш) ва 154-1-моддаси (ҳарбий хизматга, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки хорижий давлатларнинг шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш, ёлланиш) билан айбдор деб топилди. Суд унга умумий тартибли колонияда жазо ўташ шарти билан 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Россиядаги мигрантларимиз учун шароит тобора оғирлашмоқда, таҳдид кучаймоқда. Бу жуда хавфли сигнал.
