Трамп савдо урушининг янги босқичини бошладими?
Трамп маъмурияти АҚШнинг 16 та йирик савдо ҳамкорига нисбатан бир қатор текширувлар бошлашини эълон қилди. Бу импортга янги тарифлар киритилишига олиб келиши мумкин, деб хабар беради NBC News.
Хабарларга кўра, бу президент Дональд Трамп томонидан бошланган кенг кўламли глобал савдо урушининг кейинги босқичи саналади. Шундай қилиб, АҚШ Савдо вакили идораси АҚШ импортининг "катта бешлиги" манбалари қаторига кирувчи Европа Иттифоқи, Мексика ва Хитой каби йирик савдо шерикларига нисбатан расмий текширувларни бошлаяпти.
АҚШнинг янги чоралари 301-Бўлим деб аталадиган савдо қонунчилигига мувофиқ Сингапур, Швейцария, Норвегия, Индонезия, Малайзия, Камбоджа, Таиланд, Жанубий Корея, Вьетнам, Тайвань, Бангладеш, Япония ва Ҳиндистонга ҳам таъсир қилади.
“Ушбу текширувлар, бизнинг маълумотларимизга кўра, иқтисодиётининг турли ишлаб чиқариш тармоқларида катта ва доимий савдо профицити, шунингдек, етарлича фойдаланилмаган ёки тўлиқ фойдаланилмаган қувватлар каби таркибий ортиқча қувватга эга бўлган мамлакатларга қаратилган бўлади, - деди АҚШ савдо вакили Жеймисон Грир.
Грирнинг сўзларига кўра, АҚШ шунингдек, "мажбурий меҳнат" ёрдамида ишлаб чиқарилган импорт қилинган товарларга нисбатан текширув ўтказишни ҳам режалаштирган.
