Ўзбекистонда халқаро ёшлар экологик оромгоҳи иш бошлади

Ўзбекистонда халқаро ёшлар экологик оромгоҳи иш бошлади

23 июнь куни Самарқанд шаҳрида Халқаро экологик оромгоҳ иш бошлади.

Жорий йилда Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари — Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон экология фаоллари сафига Озарбайжон, Венгрия ва Туркиядан келган иштирокчилар қўшилди.

Ташкилотчилар — «Замин» халқаро жамоат фонди, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, UNICEF, БМТнинг Тараққиёт дастури (БМТТД) ҳамда Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO).

Тадбирдан кўзланган мақсад иқлим ўзгаришига қарши курашда ёшларнинг ролини ёритиш, ёш экологик фаолларга ўз таклиф ва ташаббусларини илгари суриш имкониятини бериш, мазкур ҳудудларда ёшлар экологик ҳаракатининг интеграциялашувига кўмаклашишдан иборат.

Оромгоҳ доирасида семинарлар, халқаро экспертлар билан иқлим кун тартибидаги долзарб мавзулар бўйича мунозаралар бўлиб ўтади, шунингдек, CОP-29 кўргазмасида мамлакатлар тақдим этишни режалаштираётган лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва муҳокама қилиш, уларда ёш эко-раҳбарлар иштирок этиши масалаларига эътибор қаратилади.

Самарқанддаги «Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университетида иштирокчиларни фаол гуруҳ машғулотлари, маҳорат дарслари ва экологик лойиҳалар муҳокамаси кутмоқда. Тошкент шаҳрида эса иштирокчилар экомактаблар ва «Green University»га ташриф буюриб, экология соҳасидаги етакчи мутахассисларнинг маърузаларини тинглашади.

Шунингдек, тадбир дастуридан Самарқанднинг тарихий диққатга сазовор жойлари - Гўри Амир мақбараси, Шоҳи Зинда мажмуаси ва Мирзо Улуғбек расадхонасига ташриф ҳам ўрин олган.

Тадбир 30 июнга қадар давом этади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!