Ўзбекистонда букмекерлик хизматларини реклама қилувчи 27 та сайтга кириш чекланди

Букмекерлик хизматларни тарғиб қилувчи 92 та веб-сайтни блоклаш бўйича АОКАга таклифлар киритилган, шундан 27 та сайт блокланган.
Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Асадулла Қаюмов маълум қилди.
Ижтимоий тармоқларда эстрада юлдузлари, спортчилар ва блогерлар томонидан тотализаторлар ва букмекерлик хизматларини реклама қилиш ҳолатлари бўйича ички ишлар органларига 11 та хат киритилган.
Қўмита томонидан реклама берувчи (тайёрловчи, тарқатувчи, буюртмачи)ларни қонун талабларига риоя этилишини таъминлаш юзасидан турли соҳа ва йўналишда 400 дан ортиқ огоҳлантириш хати берилди.
Сўнгги йилларда оммалашиб бораётган ахборот алмашиш ва тарқатиш манбаи ҳисобланган ижтимоий тармоқларда 4 500 дан ортиқ рекламалар юзасидан ўрганишлар ўтказилган, шундан (Facebook - 144 та, Instagram - 344 та, Telegram - 4 108 та) қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган ва бартараф этилган.