«Ўзбекистон маданияти кунлари» Тожикистонда бўлиб ўтмоқда

«Ўзбекистон маданияти кунлари» Тожикистонда бўлиб ўтмоқда

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариш мақсадида Душанбе шаҳрида 15-20 апрель кунлари «Ўзбекистон маданияти кунлари» бўлиб ўтмоқда.

Ушбу йирик маданий дастур доирасида «Ўзбекистон ва Тожикистон ижодкор ва илмий зиёлилари анжумани», ўзбек ва тожик санъат усталари иштирокида «Дўстлик концерти», «Ўзбек киноси кунлари», Ўзбекистон театрларининг Тожикистонга гастроллари, Юнус Ражабий номидаги «Мақом» ансамбли концерти ташкил этилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон халқ артисти, маданият вазири Озодбек Назарбеков бошчилигида бир гуруҳ маданият ва санъат намояндалари, жумладан, Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Фаррух Зокиров, Ўзбекистон халқ артисти Aбдуҳошим Исмоилов Душанбе шаҳрига етиб келди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ артисти Муножат Йўлчиева, Ўзбекистон халқ артисти, Тожикистонда хизмат кўрсатган артист Юлдуз Усмонова, Ўзбекистон халқ артисти Оғабек Собиров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Гулбаҳор Эрқулова, Илёс Aрабов, Маъсума Болтабоева, Ойгул Нодирова ва бошқа санъаткорлар "Дўстлик концерти"да қатнашади.

18 апрель куни ўтказиладиган ўзбек ва тожик санъат усталари ва ёш ижодкорларининг иштирокида қўшма «Дўстлик концерти»да икки давлатнинг миллий ва замонавий мусиқа санъати намуналари, мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ришталари тараннум этилади.

Озодбек Назарбеков қўшма «Дўстлик концерти»га кўрилаётган тайёргарлик жараёни билан танишди, масъуллар ва ташкилотчилар билан фикр алмашиб, уларга ўз тавсияларини берди, деб хабар қилмоқда Маданият вазирлиги ахборот хизмати.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!