Ўзбекистон энергетика бозорида монополия бекор қилинади
Эндиликда энергия ишлаб чиқариш ва сотишда монопол мавқе бўлмайди, деб хабар берди “Миллий тикланиш” партияси етакчиси Алишер Қодиров.
Унинг маълум қилишича, Ўзбекистон энергетика соҳасига жиддий ўзгаришлар олиб кирадиган “Энергетика тўғрисида”ги қонун лойиҳаси партия фракциясининг 8 июлдаги навбатдаги йиғилишида иккинчи ўқишда маъқулланди.
“Мобил алоқада хизмат кўрсатадиган компанияни танлаганингиздек энергия сотадиган компанияни ҳам танлаш ҳуқуқингиз бўлади. Энергия ишлаб чиқарувчи ва сотувчи компаниялар орасида рақобат бўлади. Амалдаги қонунда бу тақиқланган эди”, — дейди Алишер Қодиров.
Ушбу қонун лойиҳаси билан электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш, сақлаш, электр энергияси билан таъминлаш, марказий харидорнинг функцияларини бажариш, электр энергияси савдоси, импорти ва экспорти лицензия асосида амалга оширилиши белгиланмоқда.
Шунингдек, энергетика бозори иштирокчиларининг мақоми, ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги акс этяпти. Бундан ташқари, электр энергияси бозорини ташкил этишга оид қоидалар, электр энергетикаси соҳасида тарифларни шаффоф тамойиллар асосида шакллантириш тартиблари назарда тутилмоқда.