Ўғилли бўлишни истаётган эркаклар диққатига!
Савол: — «Менинг 5 та қизим бор. Ўғил фарзандли бўлишни жуда ҳам истайман. Ўғил фарзанд кўришда истеъмол қилинадиган овқатларнинг аҳамияти борми? Шу ҳақда маълумот берсангизлар?»
Самандар АВАЗОВ, Тошкент вилояти, Янгийўл тумани.
— Бу савол жуда кўпчиликни қизиқтириши табиий. Аслида сперматозоидларнинг ярми қиз, ярми ўғил бола бўлади. Улардан қайси бири «учрашув»га чиқиши номаълум.
Ҳомиланинг ўғил ёки қиз бўлиши овқатланишга боғлиқ эмас. Агар шундай бўлганида эди, жуфтликлар ўз режасига кўра, аниқроғи, ўғилли ёки қизли бўлиш учун махсус овқатлар ейишарди.
Шундай бўлишига қарамай, эркакларнинг эҳтиросларини оширишга ёрдам берувчи афродизиак (жинсий майлни рағбатлантирувчи модда)лар бор. Афродизиакларга қуйидагиларни мисол келтириш мумкин: қази, қарта, жигар, асал, шоколад, тарвуз, анор, банан, ёнғоқ, пиёз, чеснок, сельдерей, овқатларга ёқимли таъм берувчи зираворлар, қизил ва қора икра.
Имкон қадар таомлар таркиби аминокислоталарга бой бўлиши мақсадга мувофиқ. Таомлар иштаҳани очадиган даражада чиройли кўринса ва ёқимли ҳиди бўлсагина эркак кишига ёқади. Шунинг учун ҳам бежизга «Эркак киши ошқозони билан севади», дейишмаса керак.
Эркак бирор овқатни ёқтириб еса, унинг кайфияти кўтарилади. Кимнинг кайфияти яхши бўлса, унга омад кулиб боқади, ҳаттоки фарзандли бўлиш борасида ҳам.
Агар биз шифокор бўла туриб, мана бу егуликни есангиз ўғил, мана буни истеъмол қилсангиз қиз туғилади, десак хато бўлади. Юқорида айтганимдек, яқинлик чоғида қайси сперматозоид «учрашув»га чиқиши сирли жараён, буни вақт кўрсатади. Натижа эса шунга ярата бўлиши табиий ҳол.
Одатда, ҳомиладорликнинг 8-ҳафтасидан бошлаб бўлиниш жараёни бошланади. Тахминан 10-11-ҳафтага келиб, ҳомиланинг жинсини аниқлаш имконияти пайдо бўлади. Ҳозирда замонавий ультратовуш аппаратларида ҳомила жинсини аниқлаш мумкин.
Афсуски, боланинг жинсини эрта муддатларда билишнинг оқибатлари ҳар доим ҳам яхшиликка олиб келмайди. Аниқроқ қилиб айтганда, оилада бир нечта бир хил жинсли фарзандлар туғилишига чек қўйилишига олиб келиши мумкин.
Масалан, 2 та ёки 3 та қизи бўлган эр-хотинлар, табиийки, навбатдаги фарзанди ўғил бўлишини исташади. Аммо улар УТТда ҳомила яна қиз эканлигини билишса, аборт қилдириш тўхтамига келишлари эҳтимолдан ҳоли эмас. Шунинг учун ҳам мен госпиталимизда ҳомила жинсини аниқлашга розилик бермайман. Сабаби шахсан мен абротларга қаршиман.
Худо берган фарзандни дунёга келтириш керак, деб ҳисоблайман. Ким билади, дейсиз, яхшилик ўғилдан қайтадими ёки қиздан?! Шундай экан, кенгроқ фикрлаш керак.
Manba: shifoinfo_official