АҚШнинг янги хавфсизлик стратегияси Европада кескин танқид қилинди — Bild
"Доналд Трамп томонидан имзоланган Қўшма Штатларнинг янги миллий хавфсизлик стратегияси ЕИ давлатларида жиддий норозиликни келтириб чиқарди. 33 саҳифалик ҳужжатда Вашингтон Европани “демократия етишмовчилиги” ва “сўз эркинлигини чеклаш”да айблаган. Шунингдек, унда миграция туфайли “сивилизацион таҳдид” хавфи ҳақида гапирилган ва Германия алоҳида танқид қилинган", дея ёзмоқда немис нашри.
Германия ташқи ишлар вазири Йоҳанн Вадефул бунга жавобан Германия эркин жамиятни қандай қуриш бўйича “ташқи маслаҳатларга” муҳтож эмаслигини айтди. Шу билан бирга, у барча келишмовчиликларга қарамай, Вашингтон Берлиннинг NATO доирасидаги асосий иттифоқчиси бўлиб қолаётганини таъкидлади.
Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Кая Каллас эса Қўшма Штатлар билан бирликни сақлаб қолишга чақирди.
"Европада стратегияда “NATO'нинг доимий кенгайишини на иллюзия, на ҳақиқат сифатида давом эттириш керак эмас”, дейилгани жиддий хавотирга сабаб бўлмоқда. Агар буни сўзма-сўз талқин қилинса, алянснинг устунларидан бири бўлган “очиқ эшиклар” тамойили шубҳа остида қолади", дея қайд этади Bild.
Экспертлар АҚШ ўз манфаатларини барчасидан устун қўяётгани, устувор мақсадларини қайта кўриб чиқаётгани ва Европани рўйхат охирига қўйиб, асосий эътиборни Хитойга қаратиши мумкинлигини билдиришган.
Шу билан бирга, ҳужжатда Россияга муносабат сезиларли даражада юмшатилган. Олдин Москва ва Пекин “умумий таҳдидлар” сифатида тилга олинган бўлса, энди Хитой ягона стратегик рақиб сифатида кўрсатилган, Россия эса “муносабатларни барқарорлаштириш ва ўзаро фойдали савдо қилиш мумкин бўлган мамлакат” сифатида тилга олинган.
