Қашқадарё, Бухоро ва Тошкент вилоятларидан "ерфурушлар" қўлга тушди
Ер муносабатларига оид ноқонуний ҳолатлар фош этилди
1️⃣ Оҳангарон тумандаги унитар корхона юристи, муқаддам судланган шахс харидорга Нурафшон шаҳрида паррандачилик билан шуғулланувчи хусусий корхонага ажратилган 90 сотих бўш ер майдонини 250 минг АҚШ долларига сотишини айтади.
Шу билан бирга, кадастр идораларидаги танишлари орқали мазкур ушбу ер майдонида коттежлар қурилишига рухсат олиб беришини ҳам ваъда қилиб, ўз “хизмати” учун 30 минг АҚШ доллари талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, у аванс сифатида 40 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
2️⃣ Қашқадарё вилоятида кузатилган ҳолатда эса, туман газ таъминоти бўлими ходими ўзининг мансабдор танишлари орқали Кўкдала туманидаги давлат захирасида бўлган 1 гектар ер майдонини харидорга 500 млн. сўмга сотишга келишиб, олдиндан 20 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
3️⃣ Бошқа бир қайд этилган ҳолатда, муқаддам судланган, ҳозирда маклерлик фаолияти билан шуғулланувчи шахс Бухоро шаҳрида яшовчи фуқародан унинг фойдаланувида бўлган умумий майдони 1 250 квадрат метр кўчмас мулк объекти тоифасини ўзгартириб, тегишли кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш эвазига, 14 минг АҚШ доллари талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизматининг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ушбу шахс сўралган пул маблағини олган вақтида ушланди.
⚖️ Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, мазкур жиноят ишларига алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш бўйича ҳам суриштирув жараёнлари амалга оширилмоқда.
