Учта ОТМда юридик факультетлар қайта очилади

Учта ОТМда юридик факультетлар қайта очилади

Кеча, 16 январь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Олий таълим муассасаларининг босқичма-босқич ўзини-ўзи молиялаштиришга ўтиш истиқболлари» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Унда Олий таълим вазирлиги мутасаддилари ва ОТМ ректорлари президент қарори асосида (ПҚ-4391-сон) 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб тажриба-синов тариқасида ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтган олий таълим муассасалари ва янги тизим бўйича кутилаётган янгиликлар ҳақида маълумот берди.

Тадбир давомида журналистлар томонидан Тошкент давлат юридик университети ўз йўналишида республикадаги ягона таълим муассасаси экани ва юридик факультетларнинг йўқлиги вилоятлардаги кўпчилик ёшларга ноқулайлик келтириб чиқариши айтилди.

Саволга Тошкент давлат юридик университети ректори Раҳим Ҳакимов жавоб қайтарди.

«Ҳақиқатдан ҳам, бугунги кунда юридик кадрларга бўлган эҳтиёж жуда катта. Одиий мисол: Ўзбекистонда ҳар 100 минг аҳолига 12 нафар адвокат тўғри келади. Бу кўрсаткич Европа давлатларида ўртача 162 нафарни ташкил қилади. Яъни бизда бу кўрсаткич Европага қараганда 10 баробар кам.

Юристларга, судяларга эҳтиёжимиз жуда юқори.

Биз шуларни инобатга олган ҳолда, президент администрациясига вилоятлардаги олий таълим муассасаларида ҳам юридик йўналишларни қайта очиш бўйича таклиф киритганмиз. Ҳозирда бу масала бўйича вилоятларда ўрганишлар олиб бориляпти. Яқин ойларда вилоятларда ҳам юридик факультетлар очилади ва бу ҳақда сизга маълумот берамиз», – деди Ҳакимов.

ТДЮУ ректори юридик йўналишлар қайси ҳудудлардаги таълим муассасаларида очилиши мумкинлигига ҳам аниқлик киритди.

«Бу албатта, битта қарор билан битадиган иш эмас. Таълим муассасалари очилиши учун ўша худудлардаги кадрлар салоҳияти ўрганилади.

Дастлабки ўрганиш натижаларига кўра, Самарқанд вилоятида, водий вилоятларидан бири ва Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Миллий университетида юридик факультетлар қайта ташкил қилинади.

Кейинчалик университетлар салоҳиятига қараб барча университетларда юридик факультетларни очиш мумкин, бунга тўсқинлик йўқ.

Юридик факультетлар қанча кўпайса, бизга шунча яхши. Рақобат ўсади. Ҳар бир вилоятда ҳуқуқий мактабларнинг шаклланишидан биз манфаатдормиз», – деди Раҳим Ҳакимов.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!