Туркманистон билан дўстона муносабатларимизга қарши бўлганлар бор - Эрон

Туркманистон билан дўстона муносабатларимизга қарши бўлганлар бор - Эрон

Эрон етакчиси Али Хоманаий ўз мамлакати ва Туркманистон ўртасидаги дўстона муносабатларга қарши бўлганлар борлигини, аммо бу тўсиқларга қарамай, энгиб ўтиш кераклигини айтди.

Эроннинг ярим расмий Меҳр агентлиги хабарига кўра, Хоманаий расмий ташриф билан Теҳронда бўлган Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳаммедов билан учрашди.

Учрашувда Эрон Президенти Иброҳим Раиси ҳам иштирок этди.

Эрон-Туркманистон муносабатларининг ривожланишининг ҳар икки давлат учун ҳам фойдали эканини қайд этган Хоманаий “Эрон қўшни давлатлар билан муносабатларини яхшилашни истайди ва бу тўғри сиёсатдир” деди.

Хоманаий, шунингдек, икки томонлама алоқалар олдидаги тўсиқларни бартараф этиш ҳар икки давлатнинг қатъиятига боғлиқлигини билдирди. “Албатта, Эрон ва Туркманистон ўртасидаги дўстона муносабатларга минтақавий ва жаҳон миқёсида қарши чиққанлар ҳам бор, лекин буларнинг барчасига қарамай тўсиқларни енгиб ўтиш керак”, дея таъкидлади у.

Туркманистон президенти Бердимуҳаммедов ҳам қўшни давлатлар билан алоқаларни яхшилаш ўзининг устувор йўналишларидан эканини эътироф этиб, шундай деди:

– Бугун имзоланган келишувлар доирасида турли соҳаларда, хусусан, табиий газ, электр энергияси ва транзит бўйича ўзаро яхши алоқалар янада кенгайиб, айни пайтда йирик лойиҳалар амалга ошишини истаймиз.

Теҳрондаги учрашувидан сўнг Туркманистон президенти ва Эрон раҳбари томонидан икки давлат ўртасида 9 та келишув, мамлакатлар ҳамкорлик баённомаси ва келишув меморандуми имзоланди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!