Туркиянинг Сурияга берган зарбалари оқибатида 11 киши ҳалок бўлди

Туркиянинг Сурияга берган зарбалари оқибатида 11 киши ҳалок бўлди

Туркия ҳарбий-ҳаво кучларининг Сурия шимолидаги зарбалари натижасида камида 11 киши, жумладан ҳукумат аскарлари ҳалок бўлди. Бу ҳақда Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси хабар берди.

Ҳаво ҳужумлари Туркия кучлари ва Сурия Демократик кучларига қарашли курд гуруҳлари ўртасидаги тунги тўқнашув ортидан амалга оширилган. Улар Суриянинг Туркия билан чегарадош Кобани шаҳри яқинида бўлиб ўтди, у ерда АҚШ томонидан қўллаб-қувватланадиган курд гуруҳлари ҳамда Туркия томонидан қўллаб-қувватланадиган қуролли гуруҳлар узоқ вақтдан бери бир-бирига қарама-қарши бўлиб келган.

Туркия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, кескинлашув доирасида курд кучлари Туркия ҳудудига ҳужум уюштирди, натижада бир аскар ҳалок бўлди.

Ўз навбатида, Сурия давлат матбуоти зарбалар натижасида Сурия армиясининг уч аскари ҳалок бўлгани ва яна олти нафари яралангани ҳақида хабар берди.

Сурия қуролли кучлари ҳужумга жавоб бериб, турк армияси ва Туркия томонидан қўллаб-қувватланаётган мухолифат гуруҳлари позицияларига зарба берди, деб хабар беради АlJazeera.

«Қуролли кучларимиз томонидан бошқариладиган ҳарбий постга қилинган ҳар қандай ҳужум барча жабҳаларда тўғридан-тўғри ва зудлик билан жавоб қайтарилади», - дея маълум қилди Суриянинг SANA ахборот агентлиги.

Сурия Демократик кучлари (СДК) АҚШ томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳарбий иттифоқ бўлиб, унинг асосий ядроси курд YPG жангариларидан иборат. Туркия уларни бир қанча давлатлар, жумладан Қозоғистон, Туркия, АҚШ ва Европа Иттифоқида террорчи гуруҳ сифатида тан олинган Курдистон ишчилар партияси Суриядаги бўлими деб билади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!