Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон Бухородаги тарихий мажмуаларни зиёрат қилди
Қадимий Бухоро азалдан ўзининг беназир тарихий, меъморий ва маданий мероси билан машҳур бўлиб, асрлар давомида фан, ислом илми ва маънавият марказларидан бири сифатида танилган. Ёши 2,5 минг йилдан ошган шаҳарнинг тарихий маркази 1993 йилда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Олий мартабали меҳмонлар дастлаб Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди. Мазкур мажмуа ислом оламининг улуғ қадамжоларидан бири ҳисобланиб, Нақшбандия тариқатининг асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд дафн этилган жойда барпо этилган. Бугунги кунда ушбу зиёратгоҳ таркибига мақбара, хонақоҳ, масжидлар, дахма ва сўфийлик тарихи музейи киради.
Зиёрат давомида Баҳоуддин Нақшбанд таълимотининг асосий ғояларидан бири — “Дил ба ёр-у, даст ба кор” шиори инсонни меҳнатсеварлик, поклик ва маънавий камолотга чорлаши алоҳида таъкидланди.
Шундан сўнг давлат раҳбарлари Сомонийлар мақбарасини зиёрат қилди. Ушбу ноёб меъморий ёдгорлик Марказий Осиёда пишиқ ғиштдан қурилган энг қадимий иншоотлардан бири бўлиб, IX аср охири — X аср бошларида Сомонийлар давлати асосчиси Исмоил Сомоний томонидан барпо этилган.
Мақбара меъморчилигида ислом ва исломдан аввалги давр анъаналари уйғунлашган бўлиб, хусусан, суғд маданиятига хос безаклар ҳам ўз аксини топган. Қуёш нурларининг тушишига қараб бинодаги нақшлар турлича жилоланиши, унинг куб ва гумбаз шаклидаги композицияси эса Ер ва Осмон уйғунлигини рамзий ифода этади.
Қалинлиги қарийб икки метрга етадиган деворлар ва юқори сифатли ғишт терими туфайли ушбу тарихий обида бугунги кунгача яхши сақланиб қолган.
Зиёратлар чоғида Қуръон тиловат қилиниб, ўтганлар руҳига бағишлаб дуо қилинди, юртга тинчлик ва фаровонлик тилаб эзгу тилаклар билдирилди.






