Туркия ва Эрон Суриядаги кескинликни бартараф этиш йўлларини муҳокама қилди
Туркия ва Эрон ташқи ишлар вазирлари душанба куни Сурия шимоли-ғарбида Сурия ҳукумат кучлари ва исёнчи жангарилар ўртасидаги кенг кўламли тўқнашувлардан сўнг вазиятни юмшатиш зарурлигини айтди.
Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Анқарада эронлик ҳамкасби билан учрашув якунлари бўйича ўтказилган қўшма матбуот анжуманида унинг мамлакати зиддият кучайишига йўл қўймаслик учун можаронинг барча томонларини бир неча бор огоҳлантирганини айтди.
“Суриядаги сўнгги воқеалар Сурия ҳукумати ва қуролли мухолифат кучлари ўртасида муросага келиш зарурлигини кўрсатмоқда ва Туркия керак бўлса, бундай мулоқотга ҳисса қўшишга тайёр”, деди у.
“Туркия Суриядаги фуқаролар урушининг янада авж олишини истамайди”,-деган Фидан, Сурияда тартибсизликлар бошланганидан бери ўтмишда ҳал этилмаган муаммолар ҳозирги вазиятга олиб келганини таъкидлади.
Унинг қўшимча қилишича, Туркия ва Эрон терроризмга қарши курашда ҳамкорлик бўйича “фикрлари бир хил” ва Анқара террорчи гуруҳларнинг Суриядаги беқарорликдан фойдаланишига йўл қўймайди.
Ўз навбатида, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи унинг мамлакати ҳам Сурияда жанговар ҳаракатлар авж олишини истамаслигини айтди, дея хабар бермоқда "Анадолу" агентлиги.
Арағчи, Теҳроннинг минтақавий воқеалар, хусусан, Сурия бўйича Туркия билан умумий хавотирлари борлигини таъкидлади.
Ҳар икки вазир Суриянинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашга ваъда бериб, Россия, Эрон ва Туркия ўртасидаги Остона форматидаги музокаралар доирасида улардан талаб қилинадиган нарсани бажаришга тайёр эканликларини таъкидладилар, дея қўшимча қилди "Анадолу" агентлиги.
2017 йилнинг январь ойида Қозоғистон пойтахти Остонада Россия, Эрон ва Туркия Суриядаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишга қаратилган жараённи бошлаб юборган эди.
Минтақавий ўйинчилар Туркия ва Эрон Сурия ҳукумати армияси ва исёнчилар ўртасида кенг кўламли тўқнашувлар бошланганидан кейин дипломатик музокараларни кучайтирди.
Теҳрон 2011 йилда бошланган фуқаролар уруши пайтида Сурия ҳукуматининг ишончли иттифоқчиси бўлган, Анқара эса исёнчи гуруҳларни қўллаб-қувватлаган.