Қозоғистонда самолёт қулаши юзасидан жиноят иши қўзғатилди
Қозоғистоннинг Ақтау шаҳридаги аэропорт ҳудудида йўловчи самолётининг ҳалокатга учраши бўйича Озарбайжонда жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Озарбайжон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Azərbaycan Hava Yolları (AZAL) авиакомпаниясига тегишли самолётнинг Ақтауда ҳалокатга учраши бўйича Озарбайжон Республикаси Бош прокурори томонидан Жиноят кодексининг 262,3-моддаси (ҳаво транспорти ҳаракати хавфсизлиги ва фойдаланиш қоидаларини бузиш оқибатида эҳтиётсизлик билан икки ёки ундан ортиқ кишининг ўлимига сабаб бўлиш) ва 314,3-моддаси (эътиборсизлик оқибатида икки ёки ундан ортиқ кишининг ўлимига сабаб бўлиш) асосида жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки терговни олиб бориш Бош прокуратура Тергов бошқармасига топширилган.
Жиноят иши доирасидаги тергов жараёнларини олиб бориш учун Бош прокурор ўринбосари Элмар Жамалов бошчилигидаги тергов гуруҳи Қозоғистон Республикасига юборилган. Шунингдек, Озарбайжон Республикаси Бош прокуратураси томонидан тергов ва бошқа зарур процессуал ҳаракатларни амалга ошириш мақсадида Қозоғистон Республикаси Бош прокуратурасига Халқаро ҳуқуқий ёрдам ҳақида илтимоснома юборилган.
“Ҳалокат сабабларини ўрганиш ва зудлик билан чоралар кўриш мақсадида тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда. Озарбайжон Республикаси Бош прокуратураси самолёт ҳалокати натижасида ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради ҳамда жароҳат олганларнинг тезроқ соғайишини тилайди”, дейилади хабарда.
Шу билан бирга, Қозоғистоннинг Транспорт полицияси департаменти Жиноят кодексининг 344-моддаси 3-қисми (Транспорт воситасидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларини бузиш оқибатида эҳтиётсизлик билан икки ёки ундан ортиқ кишининг ўлимига сабаб бўлиш) бўйича дастлабки тергов ишларини бошлаган.