2024 йилда божхоначилар тўхтатиб қолган гиёҳванд моддалар 1 тоннадан ошди
Жорий йилда божхона органлари томонидан 1 тоннадан зиёд гиёҳвандлик воситалари, 554 минг дона психотроп ва кучли таъсир этувчи моддалар, 49 дона қурол, 3010 та ўқ-дорилар ашёвий далил сифатида олинди.
Божхона қўмитасида 2024 йилдаги фаолият сарҳисоби ва 2025 йилдаги устувор вазифаларга бағишланган Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда, жумладан, соҳада эришилган ютуқлар ва 2025 йилда амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар хусусида гап борди.
Қайд этилишича, якунига етаётган йилда 17 мингга яқин ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига божхона тўловларидан 49,6 трлн сўмлик имтиёз ва преференциялар қўлланилди, 6,6 трлн сўмлик божхона тўловларини кечиктириб тўлашга рухсат берилди.
Давлат бюджетига ундирилган божхона тўловлари ўтган йилга нисбатан 8 фоизга ошишига эришилди.
9 мингга яқин ҳолатда 914 млрд сўмлик товарлар, 35 млрд сўм эквивалентидаги валюта қимматликлари, 76 млрд сўмлик заргарлик буюмлари, 63 млрд сўмлик тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланувига чек қўйилди.
Жорий йилда божхона органлари томонидан 1 тоннадан зиёд гиёҳвандлик воситалари, 554 минг дона психотроп ва кучли таъсир этувчи моддалар, 49 дона қурол, 3010 та ўқ-дорилар ашёвий далил сифатида олинди.
Соҳани рақамлаштириш ҳисобига экспортда 91 фоиз, импортда эса 75 фоиз декларациялар соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилди. Бунда 54 мингдан ортиқ экспорт ва импорт декларацияларининг расмийлаштируви инсон омилисиз амалга оширилди.
Йиғилишда, шунингдек,келгуси йилда соҳада йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни бартараф этиш ва янада юқори кўрсаткичларга эришишни таъминлашга хизмат қилувчи қатор таклифлар муҳокама қилинди ва 2025 йил учун устувор йўналишлар белгилаб олинди.