Травматология ва ортопедия марказида робот жарроҳлиги жорий этилади

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида жорий йилда қатор янгиликлар жорий этилиши кутилмоқда.
Муассасада “робот жарроҳлиги”ни йўлга қўйиш, хусусан, ушбу амалиётни тизза бўғим касалликларини даволаш жараёнида қўллаш режалаштирилган.
Марказ директори Мурод Ирисметовнинг ССВ матбуот хизматига таъкидлашича, мазкур янгиликнинг афзалликлари кўп бўлиб, операция ўта юқори аниқликда бажарилади. Жараён хавфсизлиги таъминланади. Шифокорга инсон танасининг энг мураккаб қисмлари ҳамда касалликнинг энг оғир даражаларида ҳам эркин ишлаш имконини беради.
Натижада махсус дастур ёрдамида мураккаб амалиётлар чоғида юзага келиши мумкин бўлган хирургик хатоликларнинг олди олинади.
– Илғор диагностика ва муолажа усулларини босқичма-босқич туманларда ҳам жорий қилишга киришганмиз. Жумладан, шу йил давомида туман (шаҳар) шифохоналарида 2 та янги диагностика ва 8 та даволаш усули амалиётга татбиқ этилади.
Юртимизнинг 48 та тумани ва 10 та шаҳрида сон суяги дистал охири синиқларини ретроград БИОС қилиш, чаноқ-сон ва тизза бўғимларини тотал эндопротезлаш, сон суяги проксимал охири синиқларини янги моделдаги БИОС INTERTAN билан остеосинтезлаш, бутсимон бойламлар жароҳатининг артроскопик аутопластикаси, PRPтерапия, АО пластиналари билан остеосинтез қилиш усуллари ўзлаштирилади.
Натижада беморларнинг ортиқча вақт ва маблағ сарфлаб, хорижий давлатлар ёки пойтахтимиз ва вилоятлар марказларига узоқ туманлардан қатнови 10 фоизга камаяди.
Бундан ташқари, бевосита марказнинг малакали мутахассислари томонидан ҳудудларда 6 мингга яқин тиббий кўриклар, 300 дан зиёд юқори технологик операциялар ўтказилади.
Бухоро, Самарқанд, Фарғона, Тошкент ва Навоий вилоятларида сайёр цикллар ташкил қилиниб, маҳаллий мутахассисларни ўқитиш орқали чақалоқларда чаноқ-сон бўғими дисплазиясини УТТ ёрдамида диагностика қилиш усули йўлга қўйилади.
Ўз навбатида, Хитой, Россия, Германия, АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, Беларусь, Ҳиндистон каби қатор ривожланган давлатлардан малакали мутахассисларнинг мамлакатимизга ташрифи амалга оширилиб, улар иштирокида жойларда маҳорат дарслари, тиббий кўриклар ва қўшма операциялар ўтказамиз.
Шунингдек, тиббий туризмни ривожлантириш — 2025 йилда олдимизга қўйган устувор мақсадларимиздан бири. Бу орқали марказга жалб этиладиган чет эллик беморлар сони, тиббий хизмат кўрсатиш ҳажми ва сифати янада ошиши, шубҳасиз, – дейди Мурод Ирисметов.