Трамп: АҚШ ҳали Эронга йирик зарбаларни бошламаган
АҚШ президенти Доналд Трампнинг айтишича, Эронга қарши йирик зарбалар тўлқини ҳали бошланмаган, аммо яқин вақт ичида бошланиши мумкин. Бу ҳақда CNN 2 март куни хабар берди.
«Биз ҳали уларга қаттиқ зарба беришни бошламадик», — деди Трамп.
Аввалроқ Исроил Эрон ҳудудига ракета ҳужумлари уюштиргани хабар қилинган. Зарба Теҳрон, Исфаҳон, Караж ва Кермоншоҳ вилоятларидаги объектларга йўналтирилгани айтилди. Исроил томони бу ҳаракатни эҳтиёт чораси деб атади.
Трамп, шунингдек, АҚШ Эроннинг ракета саноати ва денгиз кучларига қарши кенг кўламли ҳарбий операция бошлаганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, Вашингтон минтақавий гуруҳлар Америка кучларига ҳужум қилмаслиги ва минтақани беқарорлаштирмаслигини таъминлаш ниятида.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаньяху эса Эрон халқи ўз тақдирини қўлига олиши кераклигини таъкидлади.
Эрон томони Исроилдаги нишонларга жавоб зарбалари берилганини маълум қилди. Шунингдек, Яқин Шарқдаги АҚШ базалари — БАА, Баҳрайн, Қувайт ва Қатардаги объектлар ҳам ҳужумга учрагани айтилмоқда.
Эрон расмийлари АҚШ ва Исроил ҳужумлари натижасида олий раҳбар Оятуллоҳ Али Хоманий, Миллий мудофаа кенгаши котиби Али Шамхоний, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони Муҳаммад Пакпур, Қуролли кучлар Бош штаби бошлиғи Абдулраҳим Мусавий ва мудофаа вазири Азиз Носирзода ҳалок бўлганини тасдиқлаган.
