Тошкентдаги супермаркетда пишган гўшт растасида суварак юргани аниқланди

Тошкентдаги супермаркетда пишган гўшт растасида суварак юргани аниқланди

Тошкент шаҳар Миробод тумани ҳокимлиги Нукус кўчасида жойлашган Makro супермаркети филиалидаги пишган гўшт растасида суварак юргани акс этган видео юзасидан маълумот берди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодаги ҳолат юзасидан Санепидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси Миробод туман бўлими ходимлари томонидан жойига чиқиб ўрганиш ишлари ўтказилган.

Ўрганишлар давомида супермаркетда зарарсизлантириш ишларини ўтказиб туриш учун “Ташсанехперт” МЧЖ билан шартнома тузилгани ва сўнгги марта 30 июнь куни дезинсексия ишлари олиб борилгани аниқланган.

Шунингдек, дўконнинг пастки қаватида жойлашган Хитой ресторанида озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрланиши ва ундан дўконга сувараклар келиб қолиш эҳтимоли мавжудлиги сабабли бир неча маротаба биргаликда зарарсизлантириш ишларини ўтказиш бўйича мурожаат қилинганда, ресторан маъмурияти томонидан доимий рад жавоби бериб келинган.

Ресторан раҳбарияти билан олиб борилган суҳбат натижасида овқатланиш корхонасида зарарсизлантириш ишларини олиб бориш учун ҳеч қандай шартнома мавжуд эмаслиги маълум бўлган. Шунингдек, супермаркетда профилактик чора кўриш мақсадида қайтадан зараркунандаларга қарши дезинсексия ишлари амалга оширилади.

Супермаркет ҳамда ресторанда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилдан рухсат олиниб, кучайтирилган текширув ишлари амалга оширилишини маълум қиламиз, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда ижтимоий тармоқларда “Оқтепа лаваш” фастфуд шохобчасида сувараклар билан боғлиқ видеолавҳа кенг тарқалиб, кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлган эди. Шу муносабат билан овқатланиш тармоғининг бош менежери кенг жамоатчиликдан узр сўраб чиққанди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!