Тошкентда радар ўрнатиш ҳуқуқи 3,5 млрд сўмга сотилди

Тошкентда радар ўрнатиш ҳуқуқи 3,5 млрд сўмга сотилди

E-ijro auksion’да тадбиркорларнинг радар ўрнатишига рухсат бериладиган ҳудудлардан бири бошланғич нархидан қарийб 100 баробар қимматга сотилди.

Тошкент шаҳридаги Абдулла Қодирий кўчасининг Ҳамид Олимжон майдони ҳудудидаги йўл ўтказгичга радар ва камера ўрнатиладиган нуқта бўйича аукцион савдолари 12 август куни ўтказилди. Лотнинг бошланғич нархи 36 миллион 750 минг сўм этиб белгиланганди. 6 соатдан ортиқ давом этган савдолардан сўнг ушбу лот 3 496 762 500 (уч миллиард тўрт юз тўқсон олти миллион етти юз олтмиш икки минг беш юз) сўмга сотилди. Айнан шунча сумма таклиф этган хорижий Tech Age компанияси аукцион ғолиби деб топилди.

ЙҲХББ барча лотларни чиқарганда ушбу ҳудуддаги автомобиллар оқими ва сўнгги икки йил давомидаги қоидабузарликлар тўғрисидаги маълумотларни келтирмоқда. Шу орқали қоидабузарликлар орқали қанча пул ишлаб топиш мумкинлигини прогноз қилиш мумкин. Аммо 3,5 миллиард сўмга сотилган лот ҳудудида транспорт оқими келтирилган (32 000) бўлса-да, қоидабузарликлар устунида «0» рақами ёзилган.

Радар ва камера ўрнатиш ҳуқуқи қўлга киритилган ушбу нуқта яқинида 3 йил аввал актриса Фарангиз Режаметова автоҳалокат қурбони бўлганди. Фарангиз Режаметова 2018 йил 20 июлда соат 21:15 атрофида Абдулла Қодирий ва Маҳатма Ганди чорраҳасидаги тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётганида 23 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги Mercedes-Benz автомобили қизга йўл бермасдан, уни уриб юборганди. Ҳайдовчи жабрланувчини касалхонага олиб борган, аммо йўлда 25 ёшли актриса оламдан ўтган.

Ҳайдовчига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, у уй қамоғига олинганди. Кейинчалик ҳайдовчига нисбатан қандай жазо қўлланилгани эълон қилинмади.

Ҳодисадан бир муддат ўтиб, пиёдалар ўтиш жойига светофор, Абдулла Қодирий кўчасидаги йўл ўтказгичга эса фоторадар ўрнатилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг баҳоридан бошлаб тадбиркорларга йўл ҳаракати қоидабузарликларини аниқлаш учун йўлларга камера ва радарлар ўрнатишни бошлашга рухсат берилган. Жойлар аукцион орқали сотилади — ғолиблар чекланмаган муддатга бошқа тадбиркорларга ўтказиш ҳуқуқи билан жойларни сотиб олади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!