Тошкентда "Ипак йўли: туризм призмаси орқали ҳамкорлик" халқаро илмий-амалий конференцияси ўз ишини бошлади
Бугун, 10 октябрь куни пойтахтимизнинг “Wyndham Tashkent” меҳмонхона мажмуасида “Ипак йўли: туризм призмаси орқали ҳамкорлик” халқаро илмий-амалий конференцияси бошланди.
Халқаро конференцияни Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев очиб берди. “Бугунги кунда туризм соҳасини янада жадал ривожлантиришда соҳа учун кадрлар тайёрлаш, илмий ёндашувлар ва тадқиқотларни олиб бориш ҳаммамиз учун мухим вазифадир. Ҳозирда 35 та олий таълим муассасасида 11,5 минг нафар талаба ва профессионал таълимда 2 мингдан ортиқ ўқувчилар туризм йўналишида таълим олмоқда. Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу орқали ёшларга соҳада етакчи бўлган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб туризмга оид таълим бериш сифатини оширишга эришиш кўзланган”, - деди Умид Шадиев.
Конференциядан кўзланган мақсад Ипак йўли йўналишлари бўйлаб жойлашган мамлакатларнинг конструктив фикр ва тажриба алмашиши, умумий маконда туризмни ривожлантиришнинг ягона стратегиясини шакллантириш учун ўзаро манфаатли шерикликни мустаҳкамлашдан иборат.
Илмий конференция ишида 250 дан ортиқ иштирокчилар, шу жумладан Озарбайжон, Миср, Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Цингапур, АҚШ, Тожикистон, Туркия ва Япониядан хорижий меҳмонлар қатнашмоқда.
Ялпи мажлис ва шўъбаларда Ипак йўлида вужудга келган тарихий жараёнлар, дастлабки давлатлардан тортиб буюк империяларгача бўлган тарихий-маданий меросга оид илмий маърузалар билан 50 дан ортиқ маърузачилар тингланди, туризм салоҳиятини янада ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди. Конференция мавзусининг алоҳида қисми “яшил” технологиялар ва экологик хавфсизликка бағишланди.
Ушбу тадбирнинг алоҳида воқеаларидан бири Туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти фаолияти ва ривожланишига муносиб ҳисса қўшган олимларга “Туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институтининг Фахрий профессори” унвонини топшириш маросими бўлди.
Шунингдек, Туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институтининг хорижий ва маҳаллий ҳамкорлар билан ҳамкорлиги тўғрисида меморандумлар имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Конференция 11 октябрь куни ўз ишини давом эттиради.