Тожикистонга инсонпарварлик ёрдами жўнатилди

Тожикистонга инсонпарварлик ёрдами жўнатилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олишга кўмаклашиш мақсадида қўшни Тожикистонга инсонпарварлик ёрдами жўнатилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Ҳимоя комбинезони ва кўзойнак, суюқ натрий гипохлориди, респиратор, қўлқоп, пирометр сингари тиббий воситалар, ун ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда биринчи даражали хўжалик товарларидан иборат инсонпарварлик юки ортилган эзгулик поезди Сурхондарё вилоятидан Душанбе шаҳрига жўнаб кетди.

– Инсоният учун умумий офатга айланган ушбу касалликка барча давлатлар баҳамжиҳат бўлиб курашса, хавфу хатарни тезроқ бартараф этиш мумкин, – дейди Сурхондарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ж.Абраматов. – Бу масалага Ўзбекистон алоҳида эътибор билан қарамоқда. Ён қўшнимиз Тожикистонга кўрсатилган ёрдам ҳам ана шундай эзгу мақсадга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.

Эслатиб ўтамиз, Президентимиз топшириғига асосан, шу пайтгача коронавирусдан энг кўп азият чеккан бир қатор мамлакатлар, жумладан, Хитой Халқ Республикаси, Эрон ва Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами жўнатилган эди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!