ТДПУда 21 февраль – Халқаро она тили куни нишонланди

ТДПУда 21 февраль – Халқаро она тили куни нишонланди

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида 21 февраль – Халқаро она тили куни муносабати билан “Тил халқнинг тарихи, маданияти, турмуш тарзи, урф-одатини акс эттирувчи кўзгудир” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирни университет ректори  Алишер Юсубжанович Умаров кириш сўзи билан очиб, меҳмонларни университетга ташриф билан қутлади. Шунингдек, Халқаро она тили кунини нишонлашнинг аҳамияти, дунё тилларининг йўқолиб бораётгани ҳақида сўзлади.

“- Юртимизда ўзбек тилини ривожлантиришга ҳукумат томонидан катта эътибор қаратилмоқда, деди Алишер Умаров. - Президентимиз томонидан 21 октябрь “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилиниши, “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармоннинг имзоланиши ушбу эътибор самарасидир. Ҳукумат даражасидаги ушбу масаланинг долзарблигини чуқур англаш, ўзбек тилини ривожлантириш, бойитиш ҳамда келажак авлодга етказиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз”.

Тадбирда сўзга чиққан Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири Абдуғаффор Каримжонович Қирғизбоев юртимизда давлат тилини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида сўзлади.

“ - Дунё аҳолисининг 90 фоизи 70 та тилда гаплашади. Қувонарлиси, бу тиллар орасида ўзбек тили ҳам бор, - деди Абдуғаффор Қирғизбоев. – Бутун дунё бўйлаб 1 миллиарддан ортиқ одам ўзбек тилида сўзлашиши аниқланган”.

Байрамга рамзий равишда таклиф этилган Бангладешнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Мосуд Маннан сўзга чиқиб, она тилини ривожлантириш ҳар бир миллатнинг азалий бурчи эканини таъкидлади. Шунингдек, 2000 йилдан буён нишонлаб келинаётган ушбу кун тарихи тўғрисида йиғилганларга сўзлаб берди.

Элчи таъкидлаганидек, 21-февраль – Халқаро она тили кунининг дунё бўйлаб кенг нишонланишига Бангладеш халқи билан содир бўлган қонли можаро сабаб бўлган. Ушбу сана 1952 йил 21 февралда Дакада (ҳозирги Бангладеш пойтахти) содир бўлган воқеаларни хотирлаш учун танланган бўлиб, ўзларининг она тилини ҳимоя қилиш учун тинч намойиш ўтказган талабалар бенгал тилини мамлакатнинг давлат тилларидан бири сифатида тан олинишини талаб қилган. Аммо она тили ҳимоячилари полиция томонидан куч билан бостирилган. Тўқнашувда ҳалок бўлган талабалар хотирасига мазкур санада дунё бўйлаб Халқаро она тили куни сифатида нишонланади.

Тадбирда шунингдек, университетнинг турли миллатларга мансуб профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари томонидан миллий анъана ҳамда урф-одатларини тараннум этувчи бадиий чиқишлар намойиш этилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!