Танзила Нарбаева: “Кейинги йил Давлат бюджетида ижтимоий ёндашув устуворлиги сақлаб қолинган”
“Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган Конститциявий тамойилга мос равишда келгуси йил Давлат бюджетида ҳам ижтимоий ёндашув устуворлиги сақлаб қолинган. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева иккинчи ялпи мажлисда маълум қилди.
“Ижтимоий харажатлар 177,7 трлн сўм (жами харажатларнинг 52 фоизи). Жорий йилга нисбатан 23,3 трлн сўмга кўп.
Жами бюджет харажатларининг чорак қисми (86,3 трлн сўм) таълим ва фан соҳасига йўналтирилаётгани алоҳида эътиборга молик.
Келгуси йилда мактабгача таълим билан қамров даражасини 77,5 фоизга етказиш мўлжал қилинган. Бу деган сўз – боғча ёшидаги ҳар 3 нафар боладан 2 нафари боғчага боради. 6 йил олдинги ҳолат билан таққослаганда бу инқилобий ўзгариш.
Шу каби соғлиқни сақлаш, маданият, спорт соҳаларига ҳам ажратилаётган маблағлар салмоғи ошяпти.
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари келгуси йилда ҳам эътибор марказида бўлишини алоҳида таъкидлаш лозим.
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида:
15 та туман ва шаҳарни комплекс ривожлантириш (1 трлн), ҳудудларни ривожлантиришда муҳим “драйвер” лойиҳалар учун зарур инфратузилмани яратиш (800 млрд), оғир аҳволдаги 1000 та маҳалла инфратузилмасини яхшилаш (1,4 трлн) мақсад қилинган.
Бу эса миллионлаб аҳоли учун муносиб шароитлар яратилишини англатади.
Шу ўринда эътиборингизни бир жиҳатга қаратсам. Ўтган 5 йил давомида бюджетни шакллантириш жараёнида Сенатнинг ҳукумат билан яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, ижобий амалиёт шаклланди.
Хусусан, ҳудудлардаги ўрганишларимиз ҳамда аҳоли билан бевосита мулоқотларимиз асосида ҳар йили (август-сентябрь ойларида) Давлат бюджетида назарда тутиш учун таклифлар тайёрланиб, ҳукуматга тақдим этилмоқда. Айнан шу таклифлар асосида жойларда 6 мингга яқин муаммоли масалаларни (мактаб, боғча, касалхона, сув, йўл ва ҳ.к.) ҳал қилишга умумий ҳисобда 14 трлн сўмдан зиёд бюджет маблағлари йўналтирилиши таъминланди.
Шу жумладан, 2025 йилги бюджет параметрларида ҳам Сенат таклифлари асосида 200 та лойиҳага 1,7 трлн сўмдан ортиқ маблағ йўналтириш кўзда тутилмоқда.
Улар асосан таълим, соғлиқни сақлаш, спорт муассасаларини, ичимлик суви, канализация тармоқларини қуриш ва таъмирлаш, маҳаллалар ҳамда йўл инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар.
Фурсатдан фойдаланиб, Жамшид Анварович, Сизга, ўринбосарларингизга, вазирликнинг бошқа мутасаддиларига яқиндан ҳамкорлик учун Сенат номидан миннатдорлик билдирамиз.
Мазкур амалиёт янги чақириқда ҳам давом эттирилиб, ҳамкорлигимиз янада чуқурлашади, деб умид билдираман.
Шу нуқтаи назардан, жойларда ўтказиладиган назорат тадбирларимизда, аҳоли, сайловчилар билан бўладиган мулоқотларимизда аниқланган муаммоли масалаларни бюджетдан зарур ресурслар ажратган ҳолда самарали ҳал қилиш бўйича ҳукуматга аниқ таклифлар киритиб боришимиз зарур.
Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари ва қўллаб-қувватлови билан мамлакатимизда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бойича дадил қадамлар қўйилмоқда, парламентлараро алоқалар кучайди, минтақа ва глобал миқёсдаги тадбирлар, форумлар ўтказилмоқда, муҳим ташаббуслар илгари сурилмоқда.
Келгуси йилги Давлат бюджети ва умуман охирги йилларда бюджетни шакллантиришда БРМга, шу жумладан, “яшил” лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга, бунда айниқса таълим, соғлиқни сақлаш, энергетика, тоза сув ва санитария ҳамда йўл инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани қувонарли.
БРМни молиялаштириш ва “яшил” лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича ислоҳотларни жадаллаштириш мақсадида минтақада илк бор 340 млн доллар миқдорида “яшил” ва 600 млн евро миқдорида БРМ суверен халқаро облигациялар жойлаштирилган.
Жорий йилда Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсадларни (16 та) амалга ошириш учун йўнатирилган маблағлар жами бюджет харажатларининг 69 фоизини ташкил қилган бўлса, келгуси йилда бу 72 фоиздан зиёдни (қарийб 246,5 трлн сўм) ташкил этиши белгиланган.
Зеро, Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсадларни амалга ошириш, аввало, молиявий манба билан таъминланишга боғлиқ.
Жумладан, бюджетни кўриб чиқиш давомида гендер тенгликни таъминлаш соҳасига эътибор қаратилиши (гендерга асосланган миллий бюджет) гендер тенгликни таъминлаш бўйича эришилаётган натижаларга ҳал қилувчи таъсир кўрсатмоқда.
Жумладан, яқинда эълон қилинган Гендер тенглик ва бошқарув индексида бошқарув, таълим, IT (АйТи), меҳнат, тадбиркорлик ва зўравонликни олдини олиш соҳаларида эришилган ижобий натижаларга кўра Ўзбекистон 103-ўриндан 52-ўринга кўтарилди.
Ушбу рақамлар Ўзбекистон БРМга қанчалик жиддий эътибор қаратаётганини ва умуман ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларимиз БРМ билан уйғун равишда амалга оширилаётганини билдиради.
2025 йил мамлакатимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилингани ҳам барқарор ривожланиш мақсадларидан келиб чиққанини англаган ҳолда, ҳукумат ва парламент бир бўлиб мазкур йўналишда янада масъулиятли бўлишимиз зарур.
Бюджет жараёнларининг очиқ ва шаффоф бўлишига, маблағлар мақсадли ва самарали сарфланишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиши керак.
Бу борада паралмент билан қаторда маҳаллий Кенгашлар ҳам фаол ва масъулиятли бўлишлари лозим. Чунки бюджет ҳисобидан бўладиган барча лойиҳалар ҳудудларда амалга оширилади. Уларнинг ўз вақтида, сифатли бажарилиши депутатларнинг доимий эътибор марказида бўлиши лозим.
Жамоатчилик ўртасида бюджет билан боғлиқ ҳар қандай фикр-мулоҳазаларга, муҳокамаларга ўз вақтида малакали жавоб бериб борилиши, очиқ ва конструктив мулоқотга киришиш (асосли таклифларни инобатга олиш) – асоссиз ва ўринсиз резонансларнинг олди олинишига хизмат қилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда барча вазирлик, идоралар, айниқса ҳудудий ижро органларидан бунга алоҳида масъулият билан қарашлари талаб этилади”, деди Танзила Нарбаева.