Султон Аҳмад — Туркиянинг олти минорали биринчи масжиди
ХVII асрда қурилган ва Туркиянинг олти минорали биринчи масжиди ҳисобланган Султон Аҳмад жоме масжиди Истанбулнинг энг кўзга кўринган меъморий иншоотларидан бири сифатида маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг эътиборини тортиб келмоқда.
Бинонинг архитектура ва санъат жиҳатидан энг диққатга сазовор томони 20 000 дан ортиқ Изник кошинлари билан безатилганлигидир. Ушбу кошинларни безашда сариқ ва кўк рангдаги анъанавий ўсимлик нақшларининг ишлатилганлиги, бинонинг фақатгина ибодат жойига айланиб қолмаслигини таъминлаган.
Масжиднинг намозгоҳи 64х72 метрни ташкил қилса, 43 метр баландликдаги марказий гумбазнинг диаметри эса 23,5 метрдан иборат. Масжиднинг ички қисми 200 дан ортиқ рангли ойналар билан ёритилган бўлиб, унинг ёзувлари Диярбакирлик Сеййид Қосом Губарий томонидан ёзилган. Султон Аҳмад Туркиянинг олти минорали биринчи масжиди ҳисобланади. Ушбу тарихий меъморий иншоотнинг қурилиши ва масжиддаги олти дона қалам шаклидаги миноранинг сири кўплаб тарих ихлосмандлари ва сайёҳларни ҳайратда қолдиради.
Султон Аҳмад масжиди 1609-1616 йиллар оралиғида Султон Аҳмад I томонидан меъмор Седефкар Меҳмед оғага қурдирилган. Турк-ислом маданияти нуқтаи назаридан катта аҳамиятга эга бўлган бу масжиднинг қурилишига кўпчилик иштирок этган.
Султон, давлат арбоблари ва кўплаб аҳоли иштирок этган масжид қурилиши 7 йил 5 ой 6 кун давом этган.
Султон Аҳмад масжидининг хусусиятлари – архитектура тузилиши
Султон Аҳмад масжиди ижтимоий мажмуа сифатида ҳам Истанбулнинг энг буюк ёдгорликларидан биридир. Мажмуа масжид, мадрасалар, дўконлар, турк ҳаммоми, фавворалар, касалхона, бошланғич мактаб ва карвонсаройдан иборат. Ушбу тузилмаларнинг баъзилари ҳозирги кунгача сақланиб қолган. Бирдан ортиқ мақсадларга хизмат қиладиган Султон Аҳмад масжиди халқнинг эҳтиёжларини қондириш нуқтаи назаридан ҳам эътиборлидир.
Султон Аҳмет масжиди ҳақида сиз эшитмаган қизиқарли фактлар
Султон Аҳмет масжидида нафақат турк зиёратчиларга, балки хорижлик меҳмонларга ҳам ваъз қилинади. Жума намози ва диний байрамларда турк тилида ўқиладиган ваъзлардан сўнг масъул имомлар томонидан инглизча маърузалар ҳам ўқилади. Ислом динининг гўзалликлари инглиз тилида ифодаланади.
Ғарбда Султон Аҳмад масжиди қурилишида кўк ва оқ кошин кўп миқдорда фойдаланилганлиги туфайли Мовий масжид деб ҳам эътироф этилади. Чет эл манбаларида Истанбул ҳақидаги саёҳат мақолаларига кўз ташлар экансиз, бу масжидни Мовий масжид (Blue mosque) номи билан тасвирланганлигини кўришингиз мумкин. Султон Аҳмад масжидининг яна бир қизиқ хусусиятларидан бири, ташриф буюрувчиларга муқаддас жойга кирганлигини билдирувчи осма темир симларнинг борлиги ҳисобланади. Яъни, кириш эшигига тепадан осилган темир симилар сабабли, инсонлар масжидга бироз эгилиб кирадилар. Бу симлар эса, зиёратчиларнинг бу муқаддас даргоҳга ҳурмат бажо айлаган ҳолда киришлари учун осилган.
Авлиё Чалабийнинг манбаларда келтирган ривоятига кўра, Кўк масжиддаги қандиллар Мисрнинг 100 та хазинаси билан тенгдир. Ҳамда, Султон Аҳмад I ўз даврида ўзига келган қимматбаҳо совғаларни ушбу масжид меъморчилигига бағишлаган.
Низомжон Исломов тайёрлади.
