Столтенберг Хитойни Украинага қарши агрессиянинг ташкилотчиси деб атади

Столтенберг Хитойни Украинага қарши агрессиянинг ташкилотчиси деб атади

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Украина ҳудудидаги қуролли тўқнашувлар Россия, Хитой, КХДР ва Эрон қанчалик чамбарчас боғлиқлигини кўрсатишини айтди. У Хитойни “Россиянинг Украинага қарши агрессиясининг бош ташкилотчиси” деб атади.

«Раис Си ва президент Путин, уларнинг барчаси НАТО ва АҚШ Украинада муваффақиятсизликка учрашини исташади. Агар Путин Украинада ғалаба қозонгудек бўлса, бу нафақат президент Путинга, Си Жинпингга ҳам дадиллик бағишлайди. Япония бош вазири айтганидек, Украинада бугун бўлаётган воқеалар эртага Осиёда рўй бериши мумкин»,— деган Йенс CBS Newsга берган интервюсида.

Столтенберг НАТО блоки АҚШга жумладан Хитой билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун ҳам кераклигини қўшимча қилган. Унинг қайд этишича, алянс бу масалани ҳам тартибга сола олади, чунки НАТОда умумий ялпи ички маҳсулоти жаҳон ЯИМнинг ярмидан ошадиган 30 дан зиёд иттифоқчилар тўпланган.

Июл ойининг бошида НАТО бош котиби Хитойга босим ўтказиш учун Япония, Жанубий Корея, Австралия ва Янги Зеландия билан ҳамкорликни чуқурлаштириш ниятида эканини таъкидлаган эди. Пекин бунга жавобан блокнинг бундай баёнотларини танқид остига олди ва Осиё-Тинч океани минтақасида ўз манфаатларини ҳимоя қилишда давом этишини айтган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!