ССВ Андижонда заҳарланган 37 кишининг аҳволи бўйича маълумот берди

ССВ Андижонда заҳарланган 37 кишининг аҳволи бўйича маълумот берди

Ижтимоий тармоқларда Андижонда беморлар овқатдан заҳарлангани ҳақида видеолавҳалар тарқалди. ССВ ҳолат юзасидан маълумот берди.

Куни кеча Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида овқатдан заҳарланиш ташхиси билан жами 37 нафар бемор назоратга олинган ва юқумли касалликлар бўлимига даволаниш учун ётқизилган.

Улардан 17 нафарида қайт қилиш, ич кетиши, тана ҳарорати кўтарилиши каби касалликнинг клиник белгилари намоён бўлган. Қолган 20 нафарида эса бироз ҳолсизлик ва кўнгил айниши кузатилган ва амбулатор равишда даво муолажаларини олиш учун ҳудудий поликлиника назоратига юборилган.

Айни пайтда шифохонада даволанаётган 17 нафар беморнинг ҳолати стабил. Уларда белгиланган стандартлар бўйича даво муолажалари давом эттириляпти.

Таомдан заҳарланганларнинг барчаси Қўрғонтепа тумани марказида жойлашган “FRESH FOOD” номли овқатланиш шохобчасида фаст-фуд истеъмол қилгани аниқланди.

Зудлик билан бу корхонага қарашли 3 та овқатланиш шохобчаси фаолияти вақтинча тўхтатилди. Таом тайёрлаш хонаси ва омборхонадаги маҳсулотлардан намуна олиниб, Қўрғонтепа тумани санитария-эпидемиология хизмати лабораториясига текшириш учун юборилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги беморлар саломатлиги ва санитария ҳолатини ўз назоратига олган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!