Сирдарё вилоятида Хитой компанияси билан янги ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади

A A A
Сирдарё вилоятида Хитой компанияси билан янги ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади

Мамлакатимизга хорижий инвесторларни жалб қилиш доирасида Ўзбекистоннинг Гуанчжоудаги Бош консулхонаси томонидан Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида салфетка ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича Хитойнинг “Qingdao Pony Jumper Co.” компанияси раҳбари Ма Суе Синг, ижрочи директор Лиу Гуанфен ва туман ҳокими ўринбосари Санжар Бегалиев ҳамда маҳаллий тадбиркорлар иштирокида онлайн мулоқот ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, “Qingdao Pony Jumper Co.” 2013 йилда ташкил этилган бўлиб, компаниянинг мавжуд 3 та линиясида қуруқ ва намлантирилган салфетка, қоғоз сочиқлар ва болалар тагликлари ишлаб чиқарилади. Хитойда ўз маҳсулотларини 160 та сотув дўконларига оффлайн тарзда ва Alibaba, TaoBao, TMALL онлайн платформалари орқали харидорларга етказиб беради.

Суҳбат аввалида Хитой томонига мамлакатимизда яратилган қулай инвестицион муҳит, 2017 йил сентябрь ойидан буён амалдаги валюта либераллашуви ҳамда эркин бизнес фаолиятини олиб бориш юзасидан қабул қилинган қарор, ислоҳотлар юзасидан тўлиқ маълумот берилди.

Хусусан, Сайхунобод туманида яратилаётган Инновацион технопарк ва ушбу 12 гектар ҳудуднинг бевосита темир ва авто йўллар яқинида жойлашганлиги, амалга ошириладиган инвестицион лойиҳалар ва экспортёр корхонлар учун тақдим қилинаётган имтиёзлар Хитой компаниясида катта қизиқиш уйғотди.

“Жорий йил 18-19 май кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга амалга оширган давлат ташрифи давомида ўтказилган саноат кўргазмаси ва давлат раҳбарининг 70 нафарга яқин хитойлик бизнесменлар билан шахсан ўтказган мулоқоти “Qingdao Pony Jumper Co.” компанияси асосчилари ва раҳбариятида катта таассурот қолдирди. Шу боис ушбу олий даражадаги ташриф мамлакатингизда инвестицион лойиҳаларни амалга оширишга яна бир муҳим туртки бўлганини мамнуният билан таъкидлайман”, - деди Ма Суе Синг.

Ўз навбатида хитой компанияси бугунги кунда йилига 2 миллион дона салфетка, қоғоз сочиқлар ҳамда 1 миллион дона гигиеник маҳсулотларни Хитойда ишлаб чиқариш қуввати мавжудлиги ва Ўзбекистонда яратилаётган имкониятлардан фойдаланган ҳолда Сайхунобод туманда тўғридан-тўғри инвестициялар асосида янги лойиҳани амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Мавжуд имкониятлар билан яқиндан танишишлари учун “Qingdao Pony Jumper Co.” компанияси вакиллари Ўзбекистонга таклиф этилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!