Шимолий Корея учирган ахлат шарларида паразитлар топилган

Шимолий Корея учирган ахлат шарларида паразитлар топилган

Жанубий Корея бирлашиш вазирлигининг душанба куни маълум қилишича, КХДР томонидан Корея Республикасига юборилган айрим чиқинди шарларида паразитлар топилди, бироқ зарарли моддалар топилмади, деб хабар беради Yonhap.

Шимолий Корея сўнгги ҳафталарда жанубий кореялик фаолларнинг Шимолий Корея режимини танқид қилувчи варақалар тарқатаётган кампанияларига жавобан Жанубий Кореяга 1000 дан ортиқ шар жўнатди.

- Ахлатдаги тупроқда аскаридалар, қуртлар ва острицалар каби турли хил паразитлар топилди, — дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.

Паразитлар инсон нажасидан чиққан деб ишонилади. Ушбу хулосалар 70 та шарни ўрганишга асосланган.

Шунингдек, қайчи ёки пичоқ билан кесилган галстук ва кўк куртка каби йиртилган кийим бўлаклари топилган. Бу нарсалар аввал Жанубий Корея компанияси томонидан тақдим этилгани аниқланган.

- Шимолий Корея бу варақалар кампанияларига ўта душманлик кўрсатиш ва Жанубий Кореяга нисбатан душманона позициясини таъкидлаш учун аввал етказиб берилган нарсаларни шикастлаган ва жўнатган кўринади, - деди исмини ошкор қилишни истамаган вазирлик расмийси.

Унинг таъкидлашича, ахлатларнинг аксарияти оддий маиший чиқиндилардан кўра қайта ишланган қоғоз ва винилдан иборат бўлиб, бу Шимолий Корея расмийларининг Шимолий кореяликларнинг кундалик ҳаёти тафсилотлари ошкор бўлишига йўл қўймаслик уринишидан далолат беради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Корея Жанубий Корея томон 310 га яқин чиқиндилар солинган шарларни учиргани хабар қилинганди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!