Шавкат Мирзиёев Владимир Жонибековни “Дўстлик” ордени билан мукофотлади

Шавкат Мирзиёев Владимир Жонибековни “Дўстлик” ордени билан мукофотлади

Шавкат Мирзиёев фармонига кўра, Владимир Жонибеков “Дўстлик” ордени билан мукофотлади.

Космонавт 13 май куни 80 ёшни қарши олди. Юбилей сана муносабати билан Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов космонавтнинг Москва вилоятидаги хонадонига ташриф буюрди.

Элчи Ўзбекистон президентининг табрик мактубини ўқиб эшиттирди ва Владимир Жонибековга “Дўстлик” орденини топширди.

Владимир Жонибеков Ўзбекистонда истиқомат қилувчи барча миллат ва элат вакиллари ўртасидаги дўстлик, ўзаро англашув ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон халқининг бошқа мамлакатлар халқлари билан дўстлиги ва ҳар томонлама ҳамкорлигини ривожлантиришдаги улкан ютуқлари учун тақдирланди.

Жонибеков Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Искандар қишлоғида туғилган. 1965 йилда Ейск учувчилар олий ҳарбий авиация мактабини (ВВАУЛ) “учувчи-муҳандис” мутахассислиги бўйича имтиёзли диплом билан тамомлаган.

У 1978 йили Олег Макаров билан биргаликда “Салют-6” орбитал станциясига (ОС) биринчи ташриф буюрувчи экспедиция командири сифатида илк космик парвозини амалга оширган.

Космонавт самога 5 марта парвоз қилган ва у ерда умумий ҳисобда 145 сутка 15 соат 58 дақиқа давомида тадқиқотларни олиб борган.

Энг тажрибали космонавт Владимир Жонибеков авиация генерал-майори, Совет иттифоқининг икки карра қаҳрамони.

Самода Жонибеков деб аталадиган 3170-сонли кичик сайёра бор. Тошкентда космонавтнинг бронзали бюсти ўрнатилган.

Космонавт Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, АҚШ, Мўғулистоннинг фахрий фуқароси ҳисобланади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!