Зеленский НАТО «умиди»дан воз кечиш шартларини айтди
Украина президенти Владимир Зеленский мамлакат НАТОга аъзо бўлишдан воз кечиши мумкинлигини истисно этмади. Унинг айтишича, агар АҚШ ва Европа иттифоқчилари Киевга ишончли ва юридик кучга эга хавфсизлик кафолатларини тақдим этса, бу вариант ҳам муҳокама қилиниши мумкин.
Reuters агентлиги хабарига кўра, мазкур баёнот Украина раҳбари томонидан Берлинда АҚШ делегацияси билан ўтказилган беш соатлик музокаралар чоғида янграган. Учрашувлар бугун, 15 декабрь куни ҳам давом этади.
Зеленский музокаралар бошланишидан олдин журналистлар билан мулоқотда Украина «бошиданоқ НАТОга аъзо бўлишга интилгани»ни таъкидлади. Бироқ, унинг сўзларига кўра, АҚШ ва айрим Европа давлатлари вакиллари бу интилишни қўллаб-қувватламаган.
«Бугун Украина ва АҚШ ўртасида икки томонлама хавфсизлик кафолатлари, яъни НАТОнинг 5-моддасига ўхшаш кафолатларни АҚШ томонидан тақдим этилиши, шунингдек, Европадаги ҳамкорларимиз ва бошқа давлатлар — Канада, Япония томонидан хавфсизлик кафолатлари берилиши янги босқиннинг олдини олиш имкониятидир. Бу бизнинг томонимиздан қилинган муроса», – деди Зеленский.
Украина президенти, шунингдек, бундай кафолатлар албатта юридик жиҳатдан мажбурий кучга эга бўлиши шартлигини алоҳида таъкидлади. У музокаралар якуни бўйича расмий баёнотни учрашувлар тўлиқ якунлангандан сўнг эълон қилишини билдирди.
Маълум қилинишича, бугун Берлинга бошқа Европа давлатлари раҳбарлари ҳам етиб келиши кутилмоқда.
Украинанинг НАТОга аъзо бўлишидан воз кечиши масаласида Россия қатъий позицияда турибди. Киевнинг нейтрал мақомини белгилаш ва мамлакат конституциясида НАТОга қўшилмасликни мустаҳкамлаш Кремлнинг асосий талабларидан бири бўлиб келган. Бу талаб 2022 йил апрелидаги Истанбул музокараларида ҳам, ҳозирда муҳокама қилинаётган эҳтимолий тинчлик келишуви доирасида ҳам илгари сурилмоқда.
Манба: reuters.com
