Сенат таркибини шакллантиришнинг қайси усули бизга маъқул?

Сенат таркибини шакллантиришнинг қайси усули бизга маъқул?

Айни кунларда мамлакатимизда кенг жамоатчиликнинг фаол иштирокида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар жадал босқичга кириб бормоқда.

Жорий йилнинг 20 май кунидан ўз ишини бошлаган Конституциявий комиссияга кенг жамоатчилик томонидан конституцияни такомиллаштиришга оид 60 мингга яқин таклифлар келиб тушди. Фуқароларимиздан келаётган таклиф ва мулоҳазалар бевосита жамиятимизни ташвишга солаётган ва ечимини кутаётган турли масалалар ва муаммоларни ўз ичига қамраб олганлиги билан муҳим аҳамиятга эга.

Конституциявий комиссияга келиб тушган таклифлар асосида шаклланган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилиниши билан ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи бошланди. Конституциявий қонуннинг умумхалқ муҳокамаси фуқароларимиз томонидан жуда қизғин давом этмоқда.

Демократиянинг муҳим кўриниши бўлган умумхалқ муҳокамаси жараёнида фуқароларимиз ўз таклиф ва тавсияларини юборган ҳолда ушбу сиёсий жараёнга бефарқ эмаслигини кўрсатмоқдалар.

Ушбу таклифлар ичида давлат ҳокимияти вакиллик органларини шакллантириш билан боғлик таклифларни ҳам учратиш мумкин. Аниқроқ қилиб айтганда, айрим мурожаатчилар Олий Мажлис юқори палатаси – Сенатни шакллантириш тартибини ўзгартириш, уни сайловчилар томонидан тўғридан-тўғри сайлаш йўли билан шакллантириш бўйича ўзларининг таклифларини ҳам келтириб ўтишган. Ушбу таклиф бўйича айрим фикрларимизни билдириб ўтмоқчимиз.

Амалдаги қонунчиликка кўра, Сенат қандай шаклланади?

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддасига кўра, Сенати аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг қўшма мажлисларида маҳаллий Кенгаш депутатлари орасидан яширин овоз бериш йўли билан сайланди.

Бунда, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда — олти кишидан сайланади. Демак, 84 нафар сенаторлар яширин овоз бериш йўли билан сайланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олти нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади.

Демак, амалдаги қонунчиликка кўра, сенат таркиби аралаш усулда шакллантирилади. Яъни, сенаторлардан 84 нафари сайланади, 16 нафари эса тайинланади.

Парламент юқори палатасини шакллантириш бўйича хорижий давлатлар тажрибаси

Бугунги кунга келиб дунёнинг 80 дан ортиқ мамлакатида икки палатали парламент тизими амал қилишини кузатишимиз мумкин. Аксарият ҳолларда қуйи палаталар умумий қоида бўйича тўғридан-тўғри сайловлар йўли билан шаклланадиган бўлса, юқори палаталарнинг шаклланиши турли йўллар билан амалга оширилади. Хусусан:

1. Бевосита сайловчилар томонидан шакллантириш (АҚШ, Япония).

2. Тайинлаш йўли билан шакллантириш (Германия);

3. Билвосита сайловлар орқали шакллантириш (Франция, Бельгия );

4. Аралаш усул: қисман тайинланади, қисман сайланади (Италия, Ҳиндистон).

Айрим мисолларга тўхталадиган бўлсак, Италия Конституциясига кўра (57-59 моддалари) сайлаш йўли билан шаклланадиган сенаторлардан ташқари, Президент томонидан ижтимоий, илмий, бадиий ва илмий соҳада алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли 5 нафар фуқаро умрбод Сенат аъзоси этиб тайинланиши мумкин.

Ҳиндистон парламенти юқори палатаси аъзоларининг 12 нафари Президент томонидан тайинланса, бошқа аъзолар штат ва бошқа субъектларнинг вакиллик органлари томонидан сайланади.

Германия парламенти юқори палатаси – Бундесрат аъзолари федерация субъектларининг ҳукумати томонидан тайинланади.

Хулоса ўрнида

Олий Мажлис Сенати шаклланишининг амалдаги тартибининг бир қанча ижобий томонларини кўрсатиш мумкин:

1. Ҳудудлардан сайланадиган 84 нафар Сенат аъзолари фуқаролар томонидан тўғридан-тўғри сайлаш орқали шаклланган маҳаллий кенгаш депутатлари орасидан сайланади. Ушбу тизим Сенат аъзоларининг ҳам сайловчилар хоҳиш-иродаси, ҳам вакиллик органлари танлови орқали сараланишини англатади.

2. Сенаторларнинг Президент томонидан тайинланиши институти эса парламентнинг юқори палатасида республика миқёсида жуда катта тажриба ва обрў-эътиборга эга бўлган, ўз соҳасининг фидойи ва халқнинг обрў-эътиборини қозонган вакилларнинг фаолият юритишини таъминлайди.

3. Олий Мажлис Сенати шаклланишининг амалдаги тизими парламентаризм равнақ топган мамлакатларда ўзини оқлаган ва узоқ тарихий амалиётга эга.

Юқоридагилардан шуни хулоса қилишимиз мумкинки, мамлакатимизда Сенатни шакллантиришнинг замонавий, ихчам ва демократик механизми ишлаб чиқилган бўлиб, бу эса ўз ўрнида умумдавлат ва минтақавий манфаатларни уйғунлаштиришда, кун тартибидаги масалаларни коллегиал ҳал этишга хизмат қилади.

Ихтиёр Беков, ТДЮУ профессори


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!